Бош прокуратура томонидан 208 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди

01.02.2025 12:34

Прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов батафсил маълумот берди.

Қўшиб ёзилган иш ўринлари

Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш доирасидаги назорат тадбирлари   давомида 489 нафар фуқарога кечиктирилган 3,8 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилди. 78 ҳолатда 11,2 миллиард сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон - торож қилингани аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Ҳисоботларда 862 минг 350 янги иш ўрни қўшиб ёзилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. 4,7 миллиард сўмлик зарар ихтиёрий ундирилди. Фуқаролар манфаатини кўзлаб судларга 31,2 миллиард сўмлик 2 минг 185 даъво аризаси киритилди.  

Ерларни ноқонуний эгаллаш

Экологик муҳитни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида 116 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 15  жиноят иши қўзғатилди ҳамда 30 минг 239 гектар ноқонуний эгалланган ерлар ўрмон фонди ҳисобига қайтарилди.  

8 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолияти қайта тикланди

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга доир вазифалар ижроси ҳам доимий эътиборда. Хусусан, тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 29 минг 451 нафарига “Тез ёрдам” тамойили асосида амалий  ёрдам  кўрсатилди.

Натижада фаолият кўрсатмаётган 8 минг 53 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 10,4 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди. 7 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 21 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилишига эришилди. 22 минг 333 ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 15 минг 907 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Қурилишдаги сифатсиз ишлар

Соҳада ўтказилган назорат тадбирлари давомида қурилиш - таъмирлаш ишларининг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, объектларни ўрганишда 1 минг 593 ҳолатда 63 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани ва 389 ҳолатда 83 миллиард сўмлик ишлар қўшиб ёзилгани аниқланди. Ушбу ҳолатлар тўлиқ бартараф этилиб, қонун талабларини бузмаслик хусусида 2 минг 47 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди, 2 минг 442 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка   тортилди.  

208 миллиард маблағ талон-тарож қилинди

Давлат дастурлари ижросини таъминлашда ажратилган бюджет маблағларини талон - торож қилиш ҳолатлари юзасидан   қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, бюджетдан ажратилган 208 миллиард сўм маблағ талон - торож қилингани ва нотўғри сарфлангани юзасидан 386 жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.  

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, тезкор - қидирув   ва   терговни   мувофиқлаштириш   соҳасида кўрилган чоралар натижасида маҳаллаларнинг 2 минг 894 тасида ёки 30,6 фоизида жиноят қайд этилмади. 5 минг 212 таси ёки 55 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига   эришилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар