Ўзбекистонда ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълум қилди.
Унинг айтишича, 2023 йилнинг 30 март кунидан маҳалла еттилигининг ўзига хос ҳамкорлигида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этишга қаратилган ижтимоий профилактика тадбирлари йўлга қўйилган.
«Қисқа муддатда ушбу тизим ўзининг ижобий натижасини кўрсатди», — деди Музифа Султонова
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрь кунидаги 801-сонли қарори қабул қилиниб, бу қарор билан Ижтимоий профилактика чора-тадбирларини амалга оширишда, «маҳалла еттилиги»нинг ҳар бир вакилига аниқ вазифа белгиланиб, аҳолини ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашувчи субьектлар бириктирилган.
Натижада 2024 йил давомида профилактика инспекторлари ва маҳалла вакиллари томонидан уйма-уй юриш орқали, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилган, уларнинг 588 мингдан ортиғига хулосалар берилиб, маҳалла вакиллари томонидан 400 мингдан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган.
Музифа Султоновага бу қанақа рўйхат экани, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори деган жумла нимани англатиши, бундай рўйхат тузилиши ўша фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол этиши ёки йўқлиги, неча нафар фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори деб топилганини сўраб мурожаат қилдик.
Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли қарори билан белгилаб ўтилган ижтимоий профилактика тадбирлари ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатишда амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи ҳисобланади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ижтимоий профилактика тадбирлари қуйидаги шахсларга нисбатан амалга оширилади:
а) ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган шахслар:
банд бўлмаган ёки доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз шахслар;
спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки инсон ақл-иродасига таъсир этувчи бошқа моддаларга қарам бўлиб қолган шахслар;
қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга ружу қўйган шахслар;
ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар;
қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар;
ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари;
давлат кўмагига муҳтож «оғир» тоифадаги ёшлар;
ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар;
ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилалар;
ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар;
мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган хотин-қизлар;
жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ва профилактик ҳисобда турган шахслар;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар;
тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахслар;
б) ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли бўлган шахслар:
парваришга муҳтож ёлғиз кексалар;
ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинган шахслар.
Музифа Султонованинг қайд этишича, бу рўйхатдаги шахсларга фақат ёрдам кўрсатилади. Мазкур рўйхатга тушган фуқароларнинг муаммолари ўрганилган ҳолда ижтимоий мослаштириш дастури ишлаб чиқилади ҳамда «маҳалла еттилиги» вакиллари томонидан уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади.
«Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилмайди, аксинча, „маҳалла еттилиги“ вакиллари томонидан ўзи хизмат олиб борувчи маҳаллада яшовчи шахсларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш орқали соғлом турмуш тарзига қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар [кўрилади], яъни уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилади», — дея таъкидлади у.