Юридик фанлар докторининг дунёвийлик ҳақидаги фикрлари

29.01.2025 16:51

Қайд этиш лозимки, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг 1-моддасида, Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги қатъий белгиланди.

Конституцияда Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида белгиланиши - дунёвий тараққиёт йўлида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, умумжамият манфаатларининг ҳимоя қилиниши, бошқарув қарорларини қабул қилиш ва ижро этишда қонунларга асосланилиши ҳамда дин ва эътиқод эркинлиги кафолатланишига бевосита хизмат қилади.

Дунёвий давлат жамиятда диннинг ўрнини белгилаш ёки диний муносабатларни тартибга солиш эмас, балки жамиятнинг бирдамлик руҳида ривожланиши учун энг зарур бўлган инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, кенг дунёқараш, толерантлик, бағрикенглик фазилатлари асосидаги ижтимоий муносабатларни шакллантиришни назарда тутади.

Шунинг учун ҳам дунёвий давлат қуришдан асосий мақсад ҳам виждон эркинлиги, турли эътиқод тарафдорларининг уйғун ва тотув яшаши ҳамда жамиятнинг узлуксиз, барқарор тараққиёти учун шароит яратадиган жамият ва давлат тизимини мунтазам таъминлаб боришдан иборатдир.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2 300 дан ортиқ диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда.

Бугунги глобаллашган дунё жуда кўплаб тенденцияларга гувоҳ бўлиб бормоқда. Айниқса, дунёдаги давлатларнинг кўпчилигининг бошқарув шаклида дунёвийдавлат тенденцияси етакчилик қилмоқда. Ҳозирги кунда дунёвий давлат тушунчаси Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Россия, Франция каби давлатлар конституцияларида ҳам бевосита ўз ифодасини топган.

Бир сўз билан айтганда, дунёвий давлат – бошқарувида Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, шунингдек қарорлар қабул қилишда дунёвийлик тамойиллари устувор бўладиган давлатдир. Фақатгина дунёвий тамойилларга эга давлатгина халқ иродасини ифода эта олади.

Давлат бошқарувида дунёвийлик масалаласи ўта муҳим концептуал қараш ва фикрларни умумлаштиради. Яъни, давлат бошқарувининг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифаларини белгилашда хизмат қилади. 

Давлат бошқарувида дунёвийлик – бу давлат бошқарувига оид қарорлар қабул қилиш ва амалга оширишда умуммиллий ва умуминсоний қадриятларни ва маданий меросни ҳурмат қилган ҳолда умумжамият манфаатларини кўзлаш, илмий асосланган хулосаларга таянишдир.

Давлат бошқарувида дунёвий давлатнинг ўзига хос бир қанча хусусиятларини келтириб ўтиш мумкин. Яъни, дин ва давлат ўртасидаги функцияларини ажратиш; давлат томонидан диний институтлардан холи, оқилона ва адолатли асосда давлат сиёсатини олиб бориш; аҳоли ўртасида эътиқод эркинлигини таъминлаш каби муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтиш мумкин.

Эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда дунёвийлик тамойили уч қадриятга асосланишини таъкидлаб ўтиш мумкин. Булар қуйидагилар:

- виждон ва эътиқод эркинлиги; 

- барча дин ва диний ташкилотларнинг қонун олдида тенглиги; 

- диннинг сиёсатдан ажратилганлиги.

Дарҳақиқат, дунёвий давлат барча динлар учун тенг шароит ва имкониятлар яратиб бериши, фуқароларга таълим олиш, шахсий ривожланишлари ҳамда илм-фан ва маданий тараққиётда ижодий эркинликни таъминлашни кўзда тутади.

Дунёвийлик ҳеч қачон динни ва диний қадриятларни рад этмайди. Балки, уларни ривожланишига, жамиятда мавжуд бўлган бошқа дин вакиллари билан тинч тотув, бағрикенглик тамойили асосида яшашларига замин яратади. Фақат дунёвий давлатгина диннинг ривожланишига ҳамда диндорларнинг диний урф-одат ва маросимларини бажариши учун керакли шарт-шароитлар ва ҳуқуқий кафолатлар бера олади.

Дунёвийликда давлат ташкилотлари ва дин бир-биридан ажратилган бўлиб, барча фуқароларнинг ирқи, миллати, келиб чиқиши, диний қарашларидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги таъминланади. Давлат органлари қонун доирасида фаолият юритаётган диний ташкилотларнинг ишига аралашмайди. 

Давлатнинг динлардан ажратилганлигини тушуниш, талқин этишда ҳам турлича баҳс-мунозаралар кўп учрайди. “Давлат динга қарши” ёки “давлат динни таъқиб этади” деган жалғитувчи фикр-мулоҳазалар ҳам афсуски жамиятимизда йўқ эмас. Шу нуқтаи назардан таъкидлаш лозимки, давлат ўзининг легитимлигини жамиятдаги бирон бир фалсафий қараш ёки диний позиция билан боғламайди. Яъни, жамиятда диний масалада турфахиллик бўлар экан, давлат диний кўпчиликнинг ҳам ёки камчиликнинг ҳам тарафида бўлмайди, ўзининг легитимлигини кўпчилик ёки камчилик билан боғламайди, ҳаммага бирдек ҳуқуқий позицияда бўлган ҳолда ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Қолаверса, ҳар кимнинг эзгу ниятлари, орзу-умидлари, ҳоҳиш-истаклари ва юксак марраларга эришиши учун дунёвийлик тамойиллари устувор бўлган муҳитни таъминлайдиган давлат томонидан кенг имконият ва шароитлар яратилади.

 Шу билан бирга, давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди. Биргина мисол тариқасида, 2023 йилги Ҳаж мавсуми ва Умра зиёрати юқори савияда ташкил этилди. Хусусан, 15 150 нафар зиёратчи Ҳаж амалини, 43 мингдан ортиқ зиёратчи Умра амалини адо этди.

Дунёда ривожланган давлатларнинг тараққиёт йўлини ўрганадиган бўлсак, илм-фан юксак даражага кўтарилган, иқтисодий жиҳатдан юқори салоҳиятга эга давлатларнинг барчаси дунёвий ривожланиш йўлини танлаганлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳатто, аҳолисининг кўп қисмини мусулмонлар ташкил қилган Туркия, Индонезия, Малайзия, Марокаш каби бир қатор давлатлар ҳам дунёвийлик йўлидан кетиб адашмаганлигини даврнинг ўзи исботламоқда. Диний давлатлар ҳам дунёвий давлатларнинг илм-фан ва технологиялардаги ютуқлари, ақлбовар қилмас ихтироларидан фойдаланган ҳолда ҳозирги давр цивилизациясидан ортда қолмасликка интилмоқда.

Ўзбекистонда 2016 йилдан бошлаб мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида динийлик ва дунёвийлик борасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар яққол намоён бўла бошлади, шу билан бирга давлатнинг дин борасидаги сиёсатида қатор ислоҳотлар амалга оширила бошланди. 

Жумладан, давлат бошқаруви йўналишида дунёвийликни таъминлаш механизмларини бир қанча йўналишларда кўришимиз мумкин. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ҳамда амалиётга жорий этиш жараёнининг умумжамият манфаатларини кўзлаши, илмий асосланган хулосаларга таяниши қатъий таъминланмоқда.

Дунёвий давлат концепцияси эса жамиятда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, виждон эркинлигини, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини самарали таъминлашга ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Лўнда қилиб айтганда, жамиятдаги ижтимоий муносабатлар, одоб-аҳлоқ меъёрлари ва юриш-туриш қоидалари Конституция ва қонунларда назарда тутилган тартиблардан ўзгача талқин этилиши ёки дунёвийлик тамойилларига зид бўлган талаблар ўрнатилишини олдини олади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жамиятдаги ҳар бир шахснинг қарашлари ва диний эътиқоди фақат ўзининг шахсий масаласи бўлиб, ҳеч ким унга мажбуран бирор бир диний эътиқод ёки қарашларни сингдиришга йўл қўйилмайди. 

Мухтасар қилиб айтганимизда, фақат дунёвий давлатдагина фуқароларнинг ҳар қандай эҳтиёжлари қонунлар асосида таъминлаши мумкин

Шерзод Зулфиқоров

Юридик фанлар доктори, профессор

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар