1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

29.01.2025 09:06

Болалар боғчаларида давоматни автоматик тарзда ҳисоблаш тизими жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, бўш иш ўринларини ҳисобга олиш, болаларни навбатга қўйиш ва МТТга жойлаштириш учун йўлланмаларни шакллантириш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Болалар боғчаси” мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида амалга оширилади. 

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳрида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йил 1 июлдан эса барча давлат МТТларида “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давомати, иш вақти ва тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатлари ҳисобга олиш амалиётига киритилади.

“Болалар боғчаси” ахборот тизимини хизмат кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни UZINFOCOMМЧЖ тизим оператори амалга оширади. Бу орқали ота-оналар бадалининг 1 фоизи кўрсатилган хизматларга йўналтирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб болалар боғчаларининг ходимлари ва болаларининг давоматини биометрик идентификация технологияси орқали кузатишни йўлга қўйиш мақсадида, планшетлар ва бошқа зарур ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 млрд сўм ажратилган.

“Она маскани” хизмати ташкил этилади

Президентнинг 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2025 йил 1 февралдан Ўзбекистонда “Она маскани” хизмати йўлга қўйилиши белгиланган.

Ҳужжатга кўра, оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги оқибатида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилади.

"Оналар маскани"да:

  • Оғир ҳаётий вазиятга тушган оналар ва уларнинг 4 ёшга тўлмаган болаларига 1 йилгача ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана берилади.
  • Оғир вазиятдаги оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек уларда оналик ва касбий кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашилади. 
  • "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашда ёрдам беради.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 февралдан бошлаб:

а) Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш:

  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий ҳолати ва турмуш шароитлари "Инсон" марказлари томонидан комплекс баҳоланиб, баҳолаш натижаларига асосан болаларнинг ижтимоий мақоми белгиланади.
  • Етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва зўравонликдан жабр кўрган болаларга олти ойгача оилавий болалар уйига жойлаштириш тартиби жорий этилади.
  • Болаларни жойлаштириш бўйича қарор "Инсон" марказлари ва Агентлик ҳудудий бошқармаси томонидан қабул қилинади.
  • Етим болаларни фостер оилага жойлаштириш, шартнома асосида амалга оширилади.

б) Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни аниқлаш, жойлаштириш ва уларни олиш истагини билдирган шахсларни ҳисобга олиш:

  • Болалар ва номзодлар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида аниқланади.
  • Аризалар Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
  • Номзодлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар "Инсон" марказлари орқали олинади.
  • Болаларнинг индивидуал ривожланиш режалари ва мониторинг натижалари "Ягона миллий маълумотлар интеграциялашган ҳудудий тизими”га киритилади.

в) Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштириш шакллари:

  • Оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр-хотиндан иборат бўлиши талаблари бекор қилинади.
  • 30 ёшга тўлган фуқаролар оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат олишади.
  • Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида эътироф этилади ва уларга ёқлама шахслар ёки учинчи шахсларни жалб қилишга йўл қўйилмайди.
  • Болалар оилага тарбиялаш учун (патронат) фақат қариндошларга берилади.
  • Фостер оилада тарбияланаётган болаларнинг яшаш харажатлари ва болани тарбиялаш учун ажратиладиган маблағлар таълим муасасаларини тамомлагунига қадар сақлаб қолинади.

Камбағал оилалар аъзоларига имкониятлар яратилади

Давлат раҳбарининг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, камбағал оилалар аъзоларини касбга ўқитиш бўйича ваучер тизими жорий этилади.

2025 йил 1 февралдан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 февралдан касбга ўқитиш учун ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахслар ва муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ишсиз аъзоларига берилади. 2025 йил 1 майгача ишсиз аҳолини, жумладан, устувор равишда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаш учун ваучер тизими жорий қилинади.

Мазкур ваучер тизими 2025 йил 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида пилот лойиҳа сифатида синовдан ўтказилади..

Электротехника саноатига ўзгартишлар киритилади.

Президентининг 2025 йил 22 январь куни “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:

- Божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида тайёрланган маҳсулотларни кейинги ишлаб чиқарувчилар томонидан саноат кооперацияси тартибида қайта ишлаш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштиришга рухсат берилади; 

- Корхоналарнинг ривожланиш ва тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган лаборатория жиҳозлари ва анжомлари 2028 йил 1 февралгача божхона божидан озод этилади.

- устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг ва давлат органларининг маъмурий бино-иншоотларини, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича харид қилиш ҳужжатларига қуйидаги талаблар киритилади:

- пудратчилар зарур товарларни Ишлаб чиқарувчилар экотизими ва Электрон кооперация порталидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилади;

- зарур товарлар порталларда мавжуд бўлмаса, тасдиқловчи маълумотномалар асосида уларни бошқа электрон порталлардан харид қилишга рухсат этилади.

Ишлаб чиқарувчилар экотизимида савдолар давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида электрон дўкон тартиб-таомиллари асосида, шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз ўтказилади, бунда оферталар маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат маълумотлари асосида шакллантирилади.

Электромобиллар учун зарядлаш станциялари сони ортади

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада 2024-2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига биноан, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари, шунингдек халқаро ва давлат аҳамиятига эга автомобил йўллари инфратузилмаси объектларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни зарядлаш станциялари билан таъминланиши лозим. 

Шунингдек, кўп қаватли бинолар атрофида ва уларнинг яқинида, айниқса, тўхташ жойларида максимал қуввати 22 кВт бўлган зарядлаш станциялари ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Электромобилларни зарядлаш станциялари ўрнатиш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди, улар қуйидагилардан иборат:

• Автотўхташ жойлари, ижтимоий объектлар ва давлат муассасалари;
• Савдо ва бизнес-марказлар, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхоналар ва кўп қаватли уйлар ёнида;
• Автоёқилғи қуйиш шохобчаларида.
Якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар ҳудудида, шу жумладан, автотураргоҳларда, энг юқори қуввати 22 кВт бўлган зарядлаш станциялари ўрнатилади. Тадбиркорлар мавжуд кўп қаватли уйлар ҳудудида фақат автотураргоҳларига станциялар ўрнатиш имкониятига эга бўладилар.

“Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсуми бошланади

“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 1-мавсуми 1 февралдан бошланиб, 20 мартга қадар давом этади.

Бунда:

⁃ Лойиҳа киритиш босқичи — 1–20 февраль;

⁃ Саралаш босқичи — 21 февраль–7 март;

⁃ Тарғибот босқичи — 8–10 март;

⁃ Овоз бериш босқичи — 11–20 март кунлари ўтказилади.

Жорий йилдаги 1-мавсум ғолиблари 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.

Бошқа ўзгаришлар:

2025 йил 1 февралдан бошлаб:

- Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар масалалари бўйича васийлик ва ҳомийлик комиссияларининг фаолияти тугатилиши белгиланган; 

- Ижтимоий картани муомалага чиқариш ва уни фойдаланиш учун ахборот-маълумотнома хизматларини тақдим этувчи «1070» қисқа рақамли ва 24 соат фаолият кўрсатадиган хизматнинг тест режимида ишга туширилиши режалаштирилган; 

- Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида паралимпия, карлар, кўзи ожизлар ва махсус олимпия, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади. Курс якунида 4 йилга амал қиладиган малака сертификати берилади; 

- 2030 йил 1 январга қадар экспорт хизматлари ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентлари, агар Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқка тортишнинг олдини олиш бўйича битим тузилмаган бўлса, ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини (шу жумладан, роялти тўланадиган) кўрсатган давлатлар юридик шахсларини ушбу календарь йил якунига қадар фойда солиғидан озод қилиш амалиёти жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, 1 февралдан старт оладиган лойиҳалар катта ўзгаришлар ваъда қилмоқда. Бироқ, ваъда ва унинг ижроси — бутунлай бошқа-бошқа масалалар. Ислоҳотларнинг амалий натижаси улар қанчалик пухта ва самарали бажарилишига боғлиқ. Қуруқ гап ва режалардан кўра, реал натижалар муҳим. Бу ўзгаришлар ҳақиқий ислоҳотми ёки навбатдаги расмий ҳаракатми – фақат вақт кўрсатади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар