Аҳоли ва хўжалик субъектлари бинолари томларининг камида 50 фоизида қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилмоқда

28.01.2025 14:52

2025 йил яшил энергия улушини 26 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун яна 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол станцияси, 160 мегаваттли 5 та йирик ГЭС ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев томонидан яна 1 гигаватт қувватли лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатма берилди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, аҳоли ва хўжалик субъектлари бинолари томларининг камида 50 фоизида қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Тўғри, қуёш панеллари Ўзбекистон шароити учун энг мақбул қувват бўлиб, унинг афзаллик томонлари кўп. Аммо уларнинг сифати бўйича ким жавобгар? Мисол учун ўтган йили панеллар Хитойнинг энг арзон ва сифатсиз қуёш панеллари экани, қолаверса, гелийли аккумуляторлар деб сотаётганлари, ярим гелийли, узоқ муддат ток бермайдиган, кафиллик муддатига жавоб бермайдиган, аккумуляторлар, дея хабарлар тарқалди.

Яъни, бу панеллар осмонда булут пайдо бўлиши билан ток бермай қўяди. Одатда электр энергия қишда кўп керак бўлади. Бу дегани қишда, булутли кунларда электр токи бермайдиган бунақа қуёш панелларини сотиб олишдан не фойда?

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб BNEF Tier-1 рўйхатига кирмаган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган қуёш панеллари, инверторлар ва электр энергиясини сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланиши тўғрисида ҳам хабар берилди.  Бу масалага ҳам чора топилиши керак.

Хабарингиз бор, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳамда айрим оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар тарқалди. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап бор.

Бироқ Энергетика вазирлигига кўра, кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган.

Демакки, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди.

Шундай экан, агар яна шу каби мажбурлашлар бўлса, Энергетика вазирлигининг ушбу хабарини эслаб ўтамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар