Сув омборининг таъмири огоҳликка чақирган фуқаронинг маблағидан қилиндими?

21.01.2025 11:16

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Оқдарё сув омборида дамба ёрилгани ҳамда сув сатҳи меъёрдан ошиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ишни содир этган 2 фуқаронинг ҳар бирига эса 7,5 млн сўмдан жарима жазоси тайинланди.

Тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг, 11 январ куни Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати вазиятга муносабат билдирилган хабар жойлаган.

Унга кўра, Оқдарё сув омборида ҳеч қандай носозликлар ёки хавфли ҳолат юзага келмаган. Сув сатҳи меъёрий даражада бўлиб, дамба ва унга тегишли инфратузилмалар барқарор ҳолатда ишламоқда. Барча объектлар доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилинмоқда. Оқдарё сув омбори стратегик аҳамиятга эга иншоот сифатида қонунчиликка мувофиқ равишда техник кўрикдан ўтказилиб, унинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган.

Шунингдек, 15 январь куни ҳолат бўйича теледастур учун ҳам репортаж тайёрланган. Унда интервью берган шахсларнинг (исми ва мансаби келтирилмаган) сўзларига кўра, бу ҳар йили икки марта бўладиган таъмирлаш жараёни, яъни бетон синишини тузатиш чоғида маҳалладаги икки фуқаро уларни таъмирлаш жараёнида яширинча видеога олиб, гуруҳларга тарқатиб юборган. Таъмирлаш жараёнлари эса 2025 йил 15 январь куни якунланиши таъкидланган.

Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судида ҳар икки шахс суд қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш)  иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 20 баравари миқдорида (7,5 млн сўмдан) жарима жазоси тайинланган.

Хабарларга кўра, видео фуқаролар томонидан 2025 йил 10 январ куни гуруҳларга тарқатилган. Тасвирларни солиштирадиган бўлсак, фуқаролар видеосида сув сатҳи ростдан ҳам баланд ва бир қанча киши қирғоқда ишлар билан банд экани кўрилган, видеога олаётган шахс уларни кўрсатиб, ёриқларни беркитиш бўйича ишлаётганига ишора қилган. Воқеадан бир кун ўтиб, Иштихон тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирган, лекин, қизиғи, унда таъмирлаш жараёни бўлаётгани ҳақида ҳеч қандай фикр келтирилмаган. Ваҳоланки, юқорида айтиб ўтганимиздек, мухбирга интервью берган шахс уларни икки фуқаро таъмирлаш жараёнида яширинча видеога олиб тарқатиб юборгани, таъмир иши эса 15 январь куни тўлиқ битишини таъкидлаган.

Шунингдек, тасвирларга қарасак, дастлабки ҳолатда сув омборнинг сув сатҳи анча юқори бўлган, бир нечта ишчи, битта лабо ва битта кобальт машинаси, формасиз ишчилар қопга белкуракда қум тўлдириб тўғон ёриғини ёпишмоқда. Бирорта қурилиш техникаси мавжуд эмас.
Жиноятчи деб топилган бола тарқатгандан кейинги ҳолатда эса, сув сатҳи анча пасайтирилган, махсус қурилиш техникалари жалб қилинган, ишлар жадал олиб борилмоқда.

Бундан келиб чиқиб, таъмир жараёнлари аслида қачон бошланган, ёриқларни айтган фуқаролар жиноятчими, ёки ҳақиқатни айтиб, Оқдарёдаги ҳолатни юқоридагиларга билдириб қўйган “қурбон” халоскорларми, деган савод туғилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ метандаги навбатни танқид қилиб чиққани учун фуқарога 15 сутка қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. (https://t.me/rost_24uz/11294)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар