Тошкент вилояти Халқ депутатлари Кенгашининг қарорига биноан, 2025 йил 1 февралдан бошлаб, иссиқлик хизматлари тарифлари нархи ошади. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, янги тарифлар «Иссиқлик манбаи ишлаб чиқариш бошқармаси, «Ангрен иссиқлик энергияси ДУК, Чирчиқ «Иссиқлик ээнергияси ИЧК ва «Олмалиқ иссиқлик мманбаи МЧЖ томонидан кўрсатилган иссиқ сув ва иситиш хизматларига тегишли бўлади.
Айнан, «Иссиқлик манбаи томонидан таклиф этилаётган янги тариф бўйича, иссиқлик ва иссиқ сув хизматлари учун нарх 93 464 сўм/Гкални ташкил этади (ҚҚС билан), бу эса ҳозирги 81 312 сўмдан кўпроқ. Шунингдек, ҳисоблагич мавжуд бўлса, 1 метр куб иссиқ сувнинг нархи 5 144 сўм этиб белгиланган.
Маълумот учун, охирги марта 2024 йилнинг 15 ноябридан Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун тарифлар 15 фоизга ошган эди. Шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2025 йилдан бошлаб нархлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки бошқа вилоятларда ҳам яна 15 фоизга оширилиши ҳақида хабар бериб, бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаган:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган топшириқларга биноан иссиқлик таъминоти тизимида тариф сиёсатига қайта кўриб чиқиш, аҳолига кўрсатиладиган хизматларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланган. Шу муносабат билан иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш, субсидиялар миқдорини қисқартириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
2024 йилда тарифларни қайта кўриб чиқиш натижасида вилоятларда бир марта, Тошкент шаҳрида эса икки марта нархлар оширилди. 2025 йилда газ ва электр энергиясининг нархи қайта кўриб чиқилиши билан бирга иссиқлик таъминоти учун ҳам янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда”, деган эди Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев.