Пойтахт бюджетидан мансабдорларнинг қонунбузарлиги натижасида фуқароларга етказилган зарарни қоплаш учун 35 млрд сўм ажратилади
2025 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорида пойтахт маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги даромадлари жами 9,4 трлн сўм миқдорида белгиланди. Бу сафар ҳам бюджет қабул қилинишидан олдин унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмади.
Тушум
Пойтахт бюджетининг энг катта тушумини (1,8 трлн сўм) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бериши кутилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 1,5 трлн сўм эди. Бу борада ўсиш 18,2% ни ташкил қилган.
Иккинчи тушум манбаи юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан олинадиган тушумлар. Бу қарийб 1,6 трлн сўмни ташкил қилади. 2024 йили бу миқдор 1,2 трлн сўм бўлган.
Учинчи муҳим тушум манбаи фойда солиғи, бундан қарийб 1,1 трлн сўм тушиши кўрсатилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 796,2 млрд сўм бўлган.
2025 йилда йиғимлардан 460 млрд сўм даромад олиниши кўзда тутилган. 2024 йилда бу 487,8 млрд сўмни ташкил қилганди. Давлат компаниялари ва улушларидан даромадлар ўтган йилги 394,4 млрд сўмдан 341 млрд сўмгача қисқарган.
Харажатлар
Шу билан бирга, Қарорда Тошкент шаҳри бюджетининг 2025 йилдаги харажатлари 9,7 трлн сўмни ташкил этиши кўрсатилган.
Пойтахт бюджетининг энг катта харажати иссиқлик таъминотини субсидиялаш билан боғлиқ. Иссиқлик таъминоти хизмати учун зарарларни қоплашга 2,7 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу шаҳар бюджети харажатларининг 28% дегани. Солиштириш учун, 2024 йилда бу мақсадларга 1,97 трлн сўм йўналтирилганди.
Шаҳар бюджетининг иккинчи энг йирик харажати жамоат транспорти учун субсидиялар ташкил қилади. Бу мақсад учун 1,2 трлн сўм сарфланади. Ўтган йили бу йўналишга 1 трлн сўм ажратилган эди. Шунингдек, Метрополитен зарарларини қоплашга 683,2 млрд сўм ажратилади. 2024 йили 575,7 млрд сўм йўналтирилган.
Учинчи энг катта харажат бу ташқи ва ички қарзларни сўндириш билан боғлиқ - 911,9 млрд сўм. 2024 йили қарзларни сўндириш учун 480,4 млрд сўм ажратилганди.
Шунингдек, давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш харажатларига 35 млрд сўм ажратилади.
Ўз навбатида, тиббий суғурта жамғармасига – 2,25 трлн сўм, ободонлаштириш бошқармасига – 635 млрд сўм, соғлиқни сақлаш бошқармасига – 215 млрд сўм, солиқ бошқармасига – 184 млрд сўм йўналтирилиши кутилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилашга – 165 млрд сўм сарфланади.
Туманлар кесимида энг катта даромадлар ва харажатлар прогнози Мирзо Улуғбек туманига тўғри келмоқда – 166 млрд сўм. Энг ками Бектемир туманида – 76 млрд сўм.