Фуқарони уриб ўлдириб қўйган ИИБ ходими 9 йилга қамалди

03.01.2025 13:38

Бекобод шаҳри ИИБ биносида фуқарони калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1991 йилда туғилган Фирдавс Мурадуллаев 2022 йил январ ойидан 2024 йил 1 июлга қадар Тошкент вилояти ИИББ учинчи минтақавий ҳудуд Бекобод шаҳар ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактика бўлинмаси профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мансабдор шахси бўла туриб, мансаб ваколати доирасидан четга чиққан.

2024 йил 19 июн куни соат 17:30 ларда профилактика инспекторлари томонидан ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатгани сабабли ака-ука Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевлар ЖИБ Бекобод шаҳар суди биносидан Бекобод шаҳар ИИБ маъмурий биносига куч ишлатиб олиб келинган. Фирдавс Мурадуллаев Юсупвалиевларни сўровхонага олиб кирмасдан, Дилмурод Юсупвалиевнинг қўлларини орқага қайирган ҳолда қаддини буккан ҳамда қорин қисмига тиззаси билан зарба берган. Сўнгра Дилмурод Юсупвалиевни ерга йиқитиб, унинг юз ва қорин қисмларига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевларни вақтинча ушлаб туриш учун ўз ваколат доирасида шахсан ўзи ёхуд бошқа мансабдор шахснинг ушлаб туриш учун асос ҳисобланувчи қарори қабул қилинмаганини била туриб, ИИБ биноси ичидаги ВУТХга киритишга эришган. Оқибатда Дилмурод Юсупвалиев воқеа жойида вафот этган.

Фирдавс Мурадуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ВУТХ ичида Дилшод Юсупвалиевнинг чап қулоқ соҳасига урган. Шунингдек, Дилшод Юсупвалиев ВУТХдан маъмурий бино коридорига чиқиб, профилактика инспектори М.Имамқулов билан суҳбатлашиб турган вақтида ҳам чап юзи ва қулоқ қисмига икки маротаба зарба берган ҳолда унга енгил тан жароҳати етказган.

Судда Фирдавс Мурадуллаев айбига иқрорлик билдирмаган. У дастлабки тергов органи томонидан нотўғри айблов эълон қилинганини, Дилмурод Юсупвалиевни тепмаганини, камерада тепганга ўхшаб кўриниб қолганини, Дилшод Юсупвалиевни тартибга чақириш учун уриб юборганини айтиб, жабрланувчиларнинг оиласидан кечирим сўраган ҳамда моддий ва маънавий зарарларни тўлашга тайёрлигини билдирган.

Фирдавс Мурадуллаевнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Суд ҳукми билан Фирдавс Мурадуллаев Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши), 109-моддаси 1-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга ИИБ тизимида, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар