Ҳудудий даъволар Пекиннинг расмий позицияси эмас
1991 йил Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, СССР ва Хитой ўртасидаги чегара муаммоси Марказий Осиёнинг янги мустақил давлатлари ҳисобига кенгайди. Хитой Халқ Республикаси нафақат Россия Федерацияси, балки минтақамизнинг Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадош давлатга айланди. Бу эса рус-хитой, совет-хитой давлатлараро муносабатларидан қолган чегара муаммоларини барқарорлаштириш ва ечиш масаласини кун тартибига қўйди. Бундай шароитда бош вазифа минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш бўлиб қолди. Ана шу вазифаларни ечиш мақсадида аввалига “Шанхай бешлиги”, сўнгра Ўзбекистон иштирокида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти тузилди. ШҲТнинг амалий фаолияти Хитойнинг МДҲдаги барча қўшнилари билан муносабатларидаги чегара муаммоларини ечиш ишига хизмат қилди. Баҳслар қолмади.
Аммо кейинги кунларда Хитой тарихчиларининг Тожикистон ерлари Хитой ҳудудига тегишли эканлиги ҳақидаги иддаолари турли баҳсларга сабаб бўлмоқда. Хитойнинг баъзи олимлари нафақат Тожикистон ҳудудини, балки бутун Марказий Осиё минтақасини қадимда ўз ерлари бўлганини иддао қилади.
Хитой тарихчиларининг “Тожикистон минтақаси Чин ҳудудига тегишли бўлган”, қабилидаги иддаоларига Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эътироз билдириб, Хитойга норозилик нотаси йўллаган. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 15-январь куни матбуот анжумани пайтида бундай иддаолар провокация эканини айтиб, шундай деди: “Бу провокацион мақолаларга нисбатан тегишли чораларни кўрдик. Ўша куннинг ўзида нота юбордик. Бизнинг элчихона вакиллари Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда мақолаларни эълон қилган ОАВ вакиллари билан учрашди. Натижада бу провокацион мақолалар сайтлардан олиб ташланди”. Аммо юқоридаги каби иддаолар Хитойга тегишли бўлган баъзи манбаларда ҳалигача сақланиб қолган. Масалан, энциклопедик сайтлардан бири бўлган “baike.baidu.com” сайтида шундай дейилади: “Ғарбий Хан сулоласидан Ғарбий Жин сулоласи ва Тан сулоласига қадар тожик минтақаси Хитой ҳудудига тегишли эди. Тожик миллати, асосан, милодий IX асрдан X асргача шаклланди. IX асрда Сомонийлар сулоласи барпо этилган. Тожик халқининг миллий маданияти ва урф-одатлари шу асрлик тарихий даврда шаклланди”. Аслида у ёки бу давлат ерлари қадимда бошқа бир давлатга тегишли бўлгани табиий ҳолат. Аммо нима сабабдан Тожикистон ҳукумати Хитой манбаларининг иддаоларига бу қадар қатъий эътироз билдирмоқда? Хитойнинг иддаолари асоссизми ёки у бугунги мустақил Тожикистон давлатига таҳдид соляптими? Хитой матбуотини кузатсак, ҳудудий даъволар фақат минг йиллик тарихда қолмагани ва беғараз эмаслигининг гувоҳи бўламиз. Хитой матбуотида бу масалада вақти-вақти билан провокацион материаллар тарқатиб келинаётганини кузатиш мумкин. 2018-йилда Хитойга тегишли бўлган сайтлардан бирида шундай ёзилди: “Хитой ХХI асрда дунёдаги энг қудратли давлатга айланди. Қадимги қўшниларини ҳайратга солди. Аксарият давлатлар бизга бўйсунишга ёки тўғридан-тўғри Хитойга қўшилишга мойил. Бу Буюк Хитой даврида жуда кўп содир бўлган. Хон сулоласи. Тан ва Мин сулолалари даврида бу одатий ҳол эди. Ҳозир ҳам Хитойга қўшилишни истаган миллий озчиликлар бор”.
Бу Хитой матбуотининг Тожикистондан биринчи марта ер даъво қилиши эмас. 2016-йил охирида бир қатор хитойлик олимлар Тожикистоннинг айрим ҳудудлари Хитойга тарихий мансублиги тўғрисида расмий текширув бошлагани маълум бўлган эди. 2020-йилнинг июль ойида Хитойнинг бир неча электрон ОАВларида “Тожикистон ихтиёридаги ерларни ўз ташаббуси билан Хитойга қайтариб беришни бошлади ва Помир тоғлари ҳақиқий эгасига қайтарилди”, қабилидаги материаллар нашр этилди.
Мақолаларда 2011-йилда Тожикистон Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудидан 1150 км2 ерни Хитойга бергани асос қилиб олинган эди. Ўшанда Тожикистон ҳукумат расмийлари Помир тоғидаги баҳсли ҳудудлар дипломатик келишув асосида Хитой ихтиёрига берилганлигини маълум қилган эди. Аммо мухолифлар ҳукуматни давлат ҳудудидан тақрибан 1 фоизини Хитойга сотганликда айблаб келади. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин бу даъволар расмий Пекиннинг позициясини англатмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томонига “бу Пекиннинг расмий позицияси эмас”лигини маълум қилган. Улар мустақил ОАВларда эълон қилинган алоҳида шахсларнинг нуқтаи назарини ифодалайди, дейди Тожикистон ташқи ишлар вазири. Тожикистон ва Хитой расмийлари ерга даъвогарлик борасидаги чиқишлар борасида бир хил фикрга келиб, "ОАВда бу каби мақолаларни чоп қилишга йўл қўйилмаслиги"ни изҳор этишган.
Тожикистон ва Хитой ўртасидаги ҳозирги стратегик шериклик даражаси, мантиқан, ҳудудий даъволарга оид турли хил ғалаёнларга жой бермаслиги ва уларни орадан кўтариши керак. Хитой раҳбариятининг янги глобал ғояларини назарда тутадиган “Бир макон – бир йўл” лойиҳасини яратиш Марказий Осиё мамлакатлари кўмагисиз муваффақиятли амалга оширилмайди.
2021-йил 8-январь куни “Взгляд” нашрида ёзилишича, нафақат Тожикистон, балки Хитойга қўшни бўлган бошқа давлатлар ҳам орадаги ҳудудлар ҳисобидан Пекин ихтиёрига ер беришга мажбур бўлган. Масалан, Қозоғистон 407 км2, Қирғизистон 161 км2, Тожикистон эса 1150 км2 ҳудудни Хитойга берган. Бироқ, мазкур шартномаларни ҳеч ким кўрмаган яъни жамоатчиликка очиқланмаган.
Қирғизистон Хитой билан келишувлари натижасида эса Хитойга берилган ҳудудлар орасида маҳаллий кўчманчи халқлар учун диний аҳамиятга эга бўлган Хон Тенгри тоғи ҳам бериб юборилган. Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев ҳам хитойликлар билан музокаралар олиб борган эди. 1999 йилда Бишкек ва Пекин баҳсли Узонгу-Қууш участкаси бўйича келишувга эришди. Бироқ, Хитойга 161 кв. км.ни бериш эвазига эришилган мазкур келишув Хитой томонидан талаб этилган майдоннинг 39 фоизини ташкил этишига қарамасдан, Қирғизистон аҳолиси ушбу шартномалардан ғазабланган эди. Аслида мазкур шартномалар қайсидур маънода 2005 йилдаги мамлакатдаги биринчи инқилобнинг сабабларидан бирига айланди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Марказий Осиё давлатларига СССРдан энг катта қолган мерос бу мамлакатлар ўртасидаги чегаралар билан боғлиқ муаммолардир. Қирғизистон ва Қозоғистон ўзларини чегара муаммоларини тезроқ ҳал этиш ва ҳужжатлардаги муаммоларни тузатишга ҳаракат қилган. Шуни таъкидлаш керакки, баҳсли ҳудудларнинг аксарияти ҳали ҳам собиқ постсовет республикаларида мавжуд. Марказий Осиёдаги ҳудудий имтиёзлар мавзуси энг оғриқли мавзулардан биридир. Маҳаллий аҳоли орасида хитойликларга нисбатан салбий қарашлар кўпайгани ва одамлар Хитойга қанчалик яқин бўлса, шунча ташвишга тушишади. Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ерларини Хитой компанияларига ижарага бериш бўйича мунозаралар босқичида лойиҳалар муваффақиятсизликка учради. Қирғизистонда маҳаллий аҳоли хитойлик тоғ-кон корхоналари билан низоларни митинглар орқали ҳал қилмоқда. Бироқ, янги президент Жапаров Хитойга Нариндаги Жетим-Тоо конидаги хом ашёни ўтказишни таклиф қилган, ушбу кон энг катта қора ва рангли металларнинг захираларига эга бўлиб, тахминий ҳисобда 80-100 миллиард долларга баҳоланган. Аҳоли ҳукуматни олинган қарзларни ер билан ёки фойдали қазилма конларини Хитой томонидан ўзлаштиришдан хавотирда.
Хавотирлар асослими?
Хитой кредитлари ҳақида гап кетганда кўпинча унинг атрофида миш-мишлар ҳам тилга олинади. Аслида Хитой кўп қарз бераётгани ҳақиқат. Ушбу рақам аллақачон 2-3 триллион долларга етган. Аммо Марказий Осиё бундан катта улуш олмаган. Марказий Осиё мамлакатлари бошқа айрим давлатларга солиштирганда «қарз қопқони»га тушадиган даражада хавф гуруҳига кирмайди. Шунга қарамай, минтақа ичидаги вазиятга қарасак, айрим давлатлар аҳволи қўшниларига қараганда ёмонроқ. Масалан, Тожикистон ташқи қарзининг деярли 50 фоизи Хитойдан олинган. Нисбатан пастроқ рискка эга Қирғизистон ташқи қарзидаги Хитой улуши 45 фоизга етади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам, Хитойдан олинган қарз суммаси мамлакат ЯИМининг 20 фоизидан ошади. Айниқса, пандемия даврида кузатилган иқтисодий инқирозда давлатлар ташқи қарзни тўлаш масаласида қийинчиликка дуч келяпти. Масалан, Бишкек ва Душанбе қарзни қайтариш муддатини кечиктириш ёки кредит фоизларини пасайтиришни сўраб, Пекин билан музокара ўтказяпти. Бу ўша давлатларга катта босим ҳисобланади.
Қозоғистон ташқи қарзида Хитойнинг улуши 7 фоизни ташкил этади. Пандемиядан аввал бу кўрсаткич бундан ҳам пастроқ бўлган. Туркманистондаги ҳақиқий вазият қандай экани ҳақида эса ишончли ахборот йўқ. Айрим мақолаларда таъкидланишича, Ашхобод туркман газини бир неча йиллардан Хитойга бепул экспорт қилмоқда. Негаки, уларнинг Хитой олдидаги қарзи жуда ошиб кетган. Ўзбекистон ташқи қарз масаласида барқарор сиёсат юритмоқда. Ташқи қарзнинг 15 фоизи Хитойга тегишли. Бу катта рақам эмас. Пандемия даврида ҳам бу кўрсаткич ижобий баҳоланяпти. Шу туфайли, Тошкент «қарз қопқони»га тушиб қолишдан қўрқмаса ҳам бўлади.
Хитой қарзи ортида сиёсий мотивлар борми?
Хитойнинг қарз бериши орқали сиёсий стратегияларни ишлаб чиқади, деб ўйламаслик керак. Аслида қарз олиш ташаббуси Марказий Осиё давлатларидан чиққан. Қарзни ўз вақтида қайтара олмаслик муаммоси ички масалалардан ортмаётган минтақанинг камбағал давлатлари учун қийинчилик туғдирмоқда. Хитой минтақа давлатларини қарз олишга мажбур қилмайди, шунинг учун бу давлатдан ёвуз образ яратиш керак эмас. Аммо иқтисодиёт қанчалик ташқи омил таъсирига тушиб қолса, мамлакат шунчалик ташқи сиёсий иродага боғлиқ бўлиб қолиши ҳам ҳақиқат.
Тожикистон ҳукумати Пекинга катта миқдорда қарздор бўлишидан ташқари, Тожикистон йўллар, иссиқлик электр станциялари ва бошқа инфратузилмаларни қуриш учун Хитойдан кўплаб миқдорда кредитлар олган. Иқтисоди ривожланмаган мамлакатда тўлашга ҳеч нарса йўқ. Натижада Юқори Қумариғ олтин кони Хитой компанияларига ўзлаштириш учун берилди. Бундан олдин хитойликлар ўзлаштириш учун Тожикистонда бошқа олтин, кумуш ва кўмир конларини ҳам олган эди. Хитойнинг қарз бериш усулини ҳозирда барча мамлакатлар ҳукумати яхши билади. Тез ва муаммосиз катта миқдорда олинаётган қарзларни ўз вақтида қоплаш ва қайтариш жуда қийин масала шунинг учун табиий ресурслар ёки узоқ муддатли ерга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш эвазига қопланадиган бу кредитларга тушиб қолмаслик керак.
Қирғизистонга киритилган тўғридан тўғри сармояларнинг қарийб 40 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Икки мамлакат орасидаги савдо айланмаси беш йил ичида икки баробарга ўсди. Сўнгги тўрт йил давомида томонлар Бишкекка 2,2 млрд юан (300 млн доллардан зиёд) беғараз ёрдам олиш тўғрисидаги келишувни имзоладилар. Ушбу донорлик ёрдами йирик шаҳарларда йўллар қуриш ва Бишкекнинг чекка туманларини ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади, ваъда қилмоқда расмийлар. Аммо пулларнинг катта қисми изсиз йўқолди. Экспертларнинг таъкидлашича, қарзлар имтиёзли шартлар асосида берилган.
Хитой кредитлари бир хил схемада расмийлаштирилади, кўпинча банкнинг пудратчиси - Хитой компанияси, у лойиҳани ускуналар ва ишчи кучи билан таъминлайди. Шу тариқа кредит пуллари, моҳиятан Хитойда қолади. Аксарият қирғизлар Хитой қарзи учун давлат чегара ерлар бадалига тўлашга мажбур бўлишидан қўрқишади.
Шунга ўхшаш воқеа қўшни Тожикистонда бўлганди. Уларнинг қўрқуви тарихга асосланган: 1999 йилда Пекин билан кўп ҳам очиқланмаган келишув натижасида Қирғизистон чегара ҳудудларининг бир қисмини Хитойга топширган. Аммо ҳукумат қарзни ер билан тўламасликларини айтиб ишонтиришга уринмоқда. Қирғизистон - Пекиннинг «Бир макон - бир йўл» номи билан бирлаштирилган улкан лойиҳаларининг муҳим элементидир. Хусусан, у орқали Хитойни Европа билан боғлайдиган кенг транспорт тармоғи бўлган «Янги ипак йўли» ўтиши керак. Ва бу ташаббус денгизга чиқишга имкониятсиз, бой бўлмаган Қирғизистон учун аниқ афзалликларга эга бўлса-да, кўплаб экспертлар Хитой билан қўшма лойиҳани “оқ филлар” яъни, фойдадан кўра, кўпроқ муаммолар олиб келувчи деб аташмоқда. Қирғизистон даромад келтирмайдиган ва тўлаш қийин бўлган лойиҳаларга пул олди. Асосан, булар - йўллар. Йўллар эса фақат солиқлар ҳисобига ва узоқ вақт давомида тўланиши мумкин.
Демакки, бировдан қарз олишда “етти ўлчаб, бир кесиш” қоидасига амал қилиш керак. Олинаётган қарз эртага фойда келтирадиган соҳаларга сарфланмаса оқибати хунук тугаши муқаррар.
Абдували Сойибназаров,
сиёсий шарҳловчи