Гендер тенглик ва бошқарув индекси (ГEГИ) бешта асосий соҳада гендер тенгсизликни баҳолаб келмоқда.
Бошқарув, таълим, АТ, меҳнат, тадбиркорлик ва зўравонликнинг олдини олиш соҳаларида эришилган ижобий натижаларга кўра Ўзбекистон 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.
Ушбу индекс 158 мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради, дейилади Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида. Ўзбекистоннинг мазкур халқаро рейтингда юқори ўринга кўтарилишида қуйидагилар асосий омил сифатида қайд этилган.
Аввало таълимга тенг имкониятлар яратиш: бунда онлайн таълим платформалари орқали қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги қизларга замонавий билим олиш имконияти яратилди. Бир миллион ўзбек дастурчилар лойиҳаси ва бошқа лойиҳалар қизларнинг АТ соҳасида билим олишига ёрдам бермоқда.
Аёлларни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш: бу борада электрон тижорат ва фрилансинг платформалари хотин-қизларга янги иш имкониятлари очмоқда. Аёллар учун онлайн тадбиркорлик тренинглари ташкил қилинмоқда.
Гендер зўравонликка қарши курашда технологиялар: бу борада махсус иловалар ва иссиқ линиялар аёлларга зўравонликдан ҳимоя бўйича ёрдам кўрсатмоқда.
Гендер маълумотларининг очиқлиги: айни йўналишда Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар портали гендер тенгсизлик бўйича статистик маълумотлар очиқлигини таъминлаб, Open data watch рейтингида юқори ўринларни эгаллашига ёрдам берди.
Аёлларнинг АТ ва STEM соҳаларида фаоллигини ошириш: бунда АТ Парк ва бошқа ташаббуслар аёлларни АТ ва STEM соҳаларига жалб қилиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Технология гендер тенгликни таъминлашда қудратли восита бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, аёлларнинг АТ соҳасидаги иштирокини кучайтириш давлатнинг стратегик мақсадлари қаторига киради.