2025 йилнинг 1 январидан бошлаб, кам таъминланган оила болаларини меҳрибонлик уйларига вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади.
Бу ҳақда "Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" (ПФ- 185-сон, 14.11.2024 ) қабул қилинган Президент фармонида маълум қилинди.
Қайд этишича, қарор етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга таълим олиш, бандлигини таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатишни, ҳамда етим ва қаровсиз қолган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган тутинган ота-оналарнинг номзодларини кўриб чиқишни ўз ичига олади.
Шунингдек, босқичма-босқич Андижон вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятларида кичик ҳажмли болалар уйи ташкил этиш режалаштирилган.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 февралдан бошлаб, фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида "Оналар маскани" хизмати йўлга қўйилади.
Хусусан, оналар ва уларнинг болалари (4 ёшгача бўлган) ижтимоий шартнома асосида 1 йил давомида вақтинча бошпана билан таъминланади ва бу йил давомида уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади. Жумладан, оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.