Айрим тоифа шахсларга Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириб-чиқиш имкони берилади

22.11.2024 13:46

Президент қарори (ПҚ-397-сон, 20.11.2024 й.) билан “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. 

Унга кўра, "Ватандош" картасига эга шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади: 

—Ўзбекистон Республикасига ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш; 

—мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди; 

—хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш; 

—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш. Карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади: 

—амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш; 

—Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш; 

—вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш имкони берилади. 

"Ватандош" гувоҳномаси ўзи нима? 

Бу ҳужжат хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатимизнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорчилик ва ташаккур белгиси ҳамда "Ватандош" картасини олиш учун асос ҳисобланади.

Ватандош картаси эса, гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) бериладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ID карта шаклидаги ҳужжатдир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар