Журналист Борис Жонсон, физика фанлари доктори Ангела Меркел… Европа раҳбарлари университетни қайси мутахассислик бўйича тамомлаган

01.03.2021 08:31

Европа мамлакатларининг раҳбарлари қайси мутахассислик бўйича таҳсил олгани ҳақида қисқача.

Нидерландия қироли Уиллем Александр ўрта мактабдан сўнг Уэлс ва Лейденда тарихни ўрганган. Талабалик даврида серғайратлиги учун у Шаҳзода Пинт лақабини олади. У шунингдек учувчи лицензиясига эга бўлиб ҳатто ушбу соҳада бир муддат меҳнат қилган.

Ғарбий Европада жойлашган, пойтахти Амстердам бўлган Нидерландия Қироллиги бир йил олдин ўзининг иккинчи номи «Голландия»дан воз кечди. Ҳукуматдагиларга кўра, бундай чоралар ушбу ҳудуднинг наркотик ва бошқа иллатлар билан боғлиқ образидан холи қилишга ёрдам беради.
Нидерландия қироли асосий бошқарувчи эмас, лекин қарор ва қонунлар унинг имзоси остида кучга киради.

* * *

«Немис машинаси»ни 2005 йилдан буён бошқариб келаётган Германия канцлери Ангела Меркел («темир хоним») Лейпзиг университетини тугатган, мутахассислиги кимё. Шунингдек, физика фанлари доктори. Германия Демократик Республикаси ФА нинг физик - кимё марказий институти илмий ходими бўлиб ишлаган.

Германиянинг биринчи ва ягона аёл канцлери Меркелни аксарият немислар «Мутти», яъни онажон деб аташади.

2006 йилдан 2016 йилгача ҳар йили нуфузли «Forbes» журнали Ангела Меркелни дунёдаги энг қудратли аёл деб эълон қилган ( мустасно ҳолат: 2010 йил ушбу унвонга Мишел Обама лойиқ кўрилган).

Марказий Европадаги ушбу давлат Яқин Шарқдан борган энг кўп муҳожирларни қабул қилган. Катта саккизликка кирувчи Германия иккинчи жаҳон урушидан кейин барча соҳаларда тез ривожланди. Аммо 2020 йил бошқа Европа давлатлари қатори Германия иқтисоди 2019 йилга нисбатан анча пастлади.

* * *

Фаолиятининг биринчи йилларидан Россиянинг СССР давридаги обрўсини тиклашга ҳаракат қилган, ва буни қайсидир маънода уддалаётган Владимир Путин Санкт-Петербург университетининг юридик факультетини тамомлаган. Ўқишни тугатгач, Давлат хавфсизлик хизматига (Германия Демократик Республикасига) ишга юборилган. Бир муддат Санкт-Петербург университети ректорининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Россия «душманимнинг душмани дўстим» позициясида сиёсат олиб бориб, АҚШни ўзига душман деб билган Хитой билан яқинлашди. Европа билан муносабатлари совуқлашиб бораётган Путин Россияси асосий эътиборини Осиё ва Марказий Осиё давлатларига қаратган.

* * *

Дунё гегемонлигига интилаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Имом Ҳатиб мактабида ўқиган. Мактаб дастурининг тўртдан бир қисми Қуръон ва Пайғамбар Муҳаммаднинг (с.а.в) ҳаётини ўрганишни ўз ичига олган. Унинг ўқишда илдамлиги учун синфдошлари «мусулмон ўқитувчиси» деб аташган.

Эрдоған талабалик йилларида нотиқлик ва тингловчилар олдида ўзини намойиш этиш қобилиятини ривожлантирди. Кейинчалик Мармара Университетининг Иқтисодиёт ва маъмурий фанлар факультети сифатида танилган Аксарай Иқтисод ва тижорат фанлари мактабида бизнес маъмуриятини ўрганган.

Бугунги Туркия ўз чегараларидаги хавфни имкон қадар оқилона бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, жумладан, Суриядаги курдлар, Туркия – Греция ҳудудий музокаралари ҳалигача давом этиб келмоқда, ҳар икки томон ушбу масала бўйича 2002 – 2016 йилларда 60 маротаба учрашган.

* * *

Бир пайтлар «денгиз ҳукмдори» дея ном қозонган, 50 тадан ортиқ мустамлакаси бўлган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Оксфорд университетининг Баллиол коллежида таълим олиб, «Daily Telegraf» матбуотида ишлайди. Бориснинг боболари асли туркиялик бўлишган. Унинг бобосининг отаси Али Кемал Усмонийлар империясининг сўнги вазири Аҳмад Тефлик қўл остида ички ишлар вазири бўлиб ишлаган йилларида Камол Отатуркни қўлга олиш бўйича буйруқ берган ва кейинчалик ҳукуматга Отатурк келгандан сўнг Али Кемал ўлдирилади. Шундан сўнг Жонсоннинг бобоси Буюк Британияга қочган.

Ташқи сиёсатда Британия ҳалигача Россия билан етарлича тил топиша олгани йўқ. Британия ҳам коронаинқироздан энг кўп қийналган давлатлар қаторида.

* * *

Франция президенти Эммануэл Макрон университетни фалсафа йўналишида тугатган ва ушбу ихтисослиги бўйича бир мунча меҳнат қилган. Эммануэл Макрон Туркия – Греция муаммоси бўлган Шарқий Ўрта ер денгизи масаласида Греция томонни қўллаб-қувватлайди ва бу борада Эрдоған билан кучли зиддиятда.

2020 йилда Францияда чекловлар ортидан сайёҳларнинг кескин камайиши иқтисодни олдинги йилларга қараганда сустлашишига олиб келди. 2020 йилда ЯИМ 2,6 триллион долларни ташкил этган.

* * *

Швеция бош вазири Лейвен Стефан мамлакатдаги университетларнинг бирида пайвандчи курсини тугатиб, бир неча йил заводда ушбу соҳада ишлаган. шунингдек, у гимназияда 2 йил иқтисод йўналишида таҳсил олган.

Скандинавия ярим оролининг шарқий қисмидаги Швеция ташқи сиёсатда тинчлик йўлини танлаган.

* * *

Беларусь халқининг кўз очиб кўрган президенти Александр Лукашенко педагогик маълумотга эга ва университетнинг тарих ва ижтимоий фанлар йўналишида таҳсил олган.

Ташқи сиёсатда Лукашенко кўпроқ Путин Россиясига таянади. 2020 йилги президентлик сайловларидан сўнг мухолиф кучлар таъсирида халқ норозилик намойишларини ўтказиш ортидан Лукашенко истеъфосини талаб қилишди…

Бунинг ортидан АҚШ ва бир қатор Европа давлатлари Беларусь ва унинг расмийларига санкциялар киритди.

Интернет материаллари асосида Сардорбек Поёнов тайёрлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар