Вазирликлар қуйи бўғинда самарали иш ташкил эта олмаяпти

18.11.2024 15:30

Бугун, 18 ноябрь куни ташкил этилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев ўтган сайловга доир янгиликлар, парламент аъзолари фаолиятида кузатилган камчилик ва ютуқлар ҳам талаб ва таклифлар тўғрисида нутқ сўзлади.

Сайловга оид муҳим жиҳатлар:

Аввало, ушбу воқеа янгиланган Конституцияга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди ҳамда илк бор электрон овоз бериш синовдан ўтказилди;

Сайловлар натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди;

Қуйи палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил қилинди;

Депутатларнинг 11 нафари 35 ёшгача, илк бор ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди;

Натижаларга кўра, депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этган.

Парламент фаолиятида эътибордан четда қолган масалалар:

Аввало, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолмоқда. Парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб ҳозирча айтиб бўлмайди, парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.

Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолмоқда. Мисол учун, ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олгани йўқ.

Сўнгги йилларда БМТ ва минтақа доирасида бир қатор йирик ташаббуслар илгари сурилди. Ана шу ташаббусларнинг моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказишда депутатларда, афсуски, фаоллик етишмаяпти.

Энг катта камчилик – вазирликлар қуйи бўғинда, айниқса, туман ва шаҳар даражасида самарали иш ташкил эта олмаяпти. Энди аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш улар учун бош вазифа бўлиши керак, деди давлат раҳбари.
Бундан буён ҳар бир раҳбар ва мутасадди фаолиятига айнан шу мезон асосида баҳо берилади.

Бу йил ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, маҳаллаларни обод қилиш бўйича инвестиция дастурларига 30 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Бироқ, ана шу дастурни қабул қилишда қайси депутат қатнашди, унинг ижроси бўйича кимдан ҳисобот талаб қилди, деган саволлар очиқ қолмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан талаб ва таклифлар:

Туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш;

Парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар бериш;

Фуқароларимизнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш;

Аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;

Тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаш;

Молиявий технологиялар, рақамли “маркет-плейс”лар, “веб-сервис”, “бонд омборлари” каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, “стартап”лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш;

Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар