Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

08.11.2024 15:06

Ҳукумат Қарори (745-сон, 07.11.2024 й.) билан умумий овқатланиш, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Унга кўра, юқорида келтирилган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 октябрдан бошлаб  бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ойлик товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмасининг нақд пулсиз қисми:

—60 фоиз ва ундан юқори бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 40 фоизи;

—60 фоиздан кам бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъекти солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг 3 ойдан кечиктирмасдан солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқнинг бир қисми айрим шартлар тўлиқ бажарилганда автоматик равишда қайтарилади.

Маълумот учун, вақтинчалик Низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар