Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган ўзгаришга кўра, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Бундан ташқари ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмаслиги, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан иккиламчи бозордан олинган уй-жойни уларнинг номига расмийлаштириш учун нотариал ҳаракатларни амалга оширишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.