Ривожланган давлатларда одамлар поездга билетни ярим йил олдин харид қилади — транспорт вазири

29.10.2024 15:46

Ривожланган давлатларда одамлар поездга билетларни ярим йил аввал харид қилади — транспорт вазири “Афросиёб” поездларига чипта етишмаётганига изоҳ берди

Тошкент шаҳрида 17–25 октябрь кунлари Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигида транспорт вазири “Афросиёб” поездларига чипталар нархи юқорилиги ва етишмаслиги билан боғлиқ вазиятни изоҳлади.

“Афросиёб” поездлари ўзини ўзи оқлайдиган бўлса, бозор иқтисодиётига ўтсак, унинг чипталари нархи оширилиши табиий. Республика бюджети бизларга “Афросиёб”дан ташқари бўлган транспорт воситалари, бошқа турдаги вагонларни субсидия қилиб бериш кафолатини олган. Биз юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб”ни тижоратлаштиришга ўтяпмиз. Унга муқобил сифатида билет нархи арзонроқ бўлган купе ва электропоездлар бор. Ҳаммамиз “Афросиёб”га ёпишиб олишимиз нотўғри. Масалан, Самарқандгача фақатгина “Афросиёб” билан эмас, ҳар бир йўналишда “Шарқ”, “Насаф” поездларимиз мавжуд. Нарх масаласида сифатга қарашимиз керак”, деди вазирлик раҳбари.

Илҳом Маҳкамов  “Афросиёб” поездларига чипта нархлари ошгани талабга қандай таъсир қилди”, деган саволига ҳам жавоб қайтарди.

“Тезюрар поездларга талаб ортиб бормоқда. Аҳолида жамоат транспортидан фойдаланиш улуши ошди. Чипталарни онлайн тарзда харид қилиш имкониятини яратиб беряпмиз. Бироқ онлайн сотувда билет йўқ, деган эътирозлар билдириляпти. Ҳозир телефондан қараб беришим мумкин, чипта топиш мумкин. Ривожланган давлатларда одамлар ўзининг ҳаракатланишини ярим йил олдин режалаштиради, поездга билетларни ҳам ярим йил аввал харид қилади. Ҳаммаси режали бўлади. Албатта, бу табиий ҳол. 38 миллионлик аҳолимиз бор. Биз поездларга суткасига 1 000–1 200 кишига таклиф бераётганимиздан кейин, рейсга 5–10 кун қолганда, табиийки, улгурган одам чипта сотиб олаверади”, деди вазирлик расмийси.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар