Ҳокимият тадбиркорга берган ерни вазирлик аукционда сотиб юборган

31.10.2024 18:10

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги аукцион орқали қум-шағал қазиб олиш учун сотиб юборган ер аслида Шофиркон туман хокимлиги томонидан тадбиркорга 49 йил муддатга ижарага берилган эди.

Давлат геология ва минерал ресурслар  қўмитаси (ҳозирги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги) томонидан 2021 йил 11 май кунги №17-1855-сонли хат билан Бухоро вилоятидаги 78 та кон участкаларининг рўйхати шакллантирилиб, келишиш учун вилоят ҳокимлигига юборилган.

Мазкур участкаларининг ҳудудлари Кадастр агентлигининг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ўрганилганда, 30-тартиб рақамдаги бурчак координаталари жойлашган ер майдони “Нурли боғ-2020” МЧЖга тегишлилиги аниқланган ва бу ҳақда дарҳол Давлат геология ва минерал ресурслар  қўмитаси (ҳозирги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги)га тегишли маълумот тақдим қилинган.

Тумандаги Ер участкаларини ажратиш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг 2020 йил 25 ноябрдаги йиғилиш баённомаси асосида Шофиркон туман ҳокимининг “Нурли боғ-2020” МЧЖга янгидан интенсив мевазор ва узумзор ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги 724-сонли қарори билан “Нурли боғ-2020”га 200 гектар ер ажратилган эди.

Мазкур қарор асосида Шофиркон туман хокимлиги билан “Нурли боғ-2020” МЧЖ ўртасида 49 йил муддатга ерни ижарага олиш шартномаси имзоланган.

Шунга қарамасдан, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ушбу маълумотни инкор қилиб, қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига киритилган ушбу 15,5 гектар ер майдонини қум-шағал қазиб олиш учун аукционга чиқариб юборган. 

Оқибатда, Президентнинг 2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли қарори талаблари бузилган.

Ерни аукционда ютиб олган “Тechno-crusher stone” МЧЖнинг бирламчи ҳужжатларида ер қаъри участкаси номи “Осиё кони 1-участкаси” дея аталган ҳудуднинг аниқ манзили, чегара координаталари аниқ белгиланмаган.

Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси хузуридаги Кон-Геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг 2022 йилдаги 1-01/1718-сонли хатида “Теchno-crusher stone” МЧЖ томонидан конда қазиш ишлари бошланишидан олдин, суғориладиган ерлар тоифасига мансублиги ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер турига кирадими ёки йўқлиги тўғрисида маҳаллий хокимликлардан тегишли хулоса олган ҳолда ишлаш тавсия этилиши” баён қилинган бўлса-да, бу ишлар  амалга оширилмаган. 

Юқоридаги ноқонуний холатлар туман прокуратураларида ўрганилиб, Тошкент туманлараро Маъмурий судида кўрилган.

Мазкур суднинг 2023 йил 19 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2022 йил 14 март кунги қарорининг “Nurli bog`-2020” МЧЖга тегишли 15,46 гектар ер майдонини аукционга чиқариш тўғрисидаги қисми ҳақиқий эмас деб топилган.

Шундан сўнг, суднинг ушбу қарорига нисбатан аукционда ер майдонини ютиб олган “Тесhno-crusher stone” МЧЖ  томонидан апелляция шикояти келтирилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 14 февралдаги қарори билан Тошкент туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, шикоят рад қилинган.

Шундан сўнг вилоят ва туман прокуратуралари томонидан аризани ўрганиш натижасига кўра, ушбу низоли ер майдони “Тесhno-crusher stone” МЧЖ номига давлат рўйхатидан ўтказиш имкони мавжуд эмаслиги тушунтирилган.  

Вазирлар Маҳкамасининг “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 133-сонли қарорида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома бериш билан бир вақтда, ушбу соҳадаги ваколатли орган ва ер қаъридан фойдаланувчи ўртасида участканинг ижара шартномаси тузилади. 

Шундай бўлса-да, “Тесhno-crusher stone” МЧЖ ва Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси ўртасида ер участкасининг ижара шартномаси тузилмаган.

Ҳозирги кунда ушбу ер майдонидан 3 гектар ҳудудида ноқонуний равишда қум-шағал ковлаб сотилмоқда

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар