Диний қўмита  "умрачи" турфирмалар учун янги қонун  талабларини эълон қилди

13.10.2024 10:13



Қайд этилишича, айрим турфирмаларда визаларни сохталаштириш, меҳмонхоналарда жой банд қилмаслик ҳамда қайтиш учун авиачипталарнинг харид қилинмаслиги ҳолатлари кузатилган. Натижада, 13 мингдан ортиқ фуқаролар сарсон бўлган ва баъзи зиёратчилар Саудия Арабистонидаги қоидаларни бузганлик учун  депорт қилинган. 

Ҳолат юзасидан, 2024 йил 9 октябрь куни "Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг шартлари жорий қилинди. Қонун шартлари доирасида турфирмаларга қуйидаги максимал қийин қонун талаблари қўйилди:

1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиш;

Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;

Турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

Вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;

Ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;

Зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат “Умра визаси”ни расмийлаштириш – бошқа виза билан олиб бориш ноқонуний ҳисобланади;

Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;

Зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, хусусан, ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш;

Халқаро йўналишда 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;

Зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;

Зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;

Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик;

Хизматларни лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойдаги ваколатхона ёки филиал орқали кўрсатмаслик.

Шунингдек, умра зиёрати хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар