Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Жаҳон Cоғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасидаги Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 сентябрь ҳолатига Руанданинг 30 та округининг еттитасида, жами 26 та тасдиқланган ҳолат рўйхатга олинган ва шундан 6 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва бутун дунё даражасида паст деб баҳоламоқда.
Марбург вируси иситмасини олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатларида билан бир каторда Ўзбекистон Республикасида ҳам давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган Cанитария назорат пунктларининг (СНП) хушёрлиги оширилган.
Шу ўринда фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз, дейилади Санэпидқўмита хабарида.
Марбург иситмасининг белгилари
Марбург иситмасининг манбаи кўршапалаклар ҳисобланиб, улардан касаллик соғлом одамларга юқиши мумкин, инфекцияга чалинган беморлардан ажраладиган биологик суюқликлар (қон, тупик, пешоб) билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, турли жисмлар юзалари орқали ҳам фаол тарқалиши мумкин.
Касаллик белгилари тўсатдан бошланади ва беморда юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи, безовталик, мушакларда оғриқлар кучайиб, уларни тез-тез тортишиб туриши ҳамда, диарея, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Касалликнинг бешинчи кунида кўкрак, орқа ва қорин бўшлиғида қонталаш тошмалар пайдо бўлиши мумкин.