Рақобат қўмитасига 2024 йилнинг 9 ойи давомида телекоммуникaция хизматлари бўйича 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида ортиқча олинган (ҳисобланган) 115 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланди.
Аҳоли нимадан норози?
Мурожаатларда асосан, алоқа сифатининг қониқарсизлиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши ва ортиқча қарздорлик ҳисобланиши, абонент розилигисиз қўшимча хизматларга ҳамда реклама мақсадидаги SMS хабарлар юборилаётганлиги, шу жумладан пулли контент хизматларга улаб қўйилганлиги, қўшимча молиявий ва савдо хизматлари кўрсатишда шартнома шартларини ва товар етказиб бериш муддатларини бузилиши, хизмат нархларининг ва тариф шартларининг ўзгарганлиги (ошиши) каби муаммолар билдирилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилмоқда
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектлар, шу жумладан, мобил алоқа операторларини огоҳлантирган ҳолда қонунчиликда белгиланган мажбуриятлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини эслатиб ўтди.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади.
Ўз навбатида, мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларнинг ўзаро келишиб олинган ҳаракатлари натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши – устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши ва молиявий жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектларни, шу жумладан мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориш юзасидан қатъий огоҳлантирди.