Сайлов яқин: Депутатликка номзодлар асосан неча ёшда?

08.10.2024 10:05

 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27-октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови ўтказилади. Хўш, депутатликка номзодлар асосан неча ёшда? Улар орасида қайси соҳа вакиллари кўпроқ?

28 мингдан ортиқ номзод

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” сосиал-демократик партияси томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодлар рўйхатга олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ҳар бир партиядан номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, депутатлик мандати учун 28 минг 475 нафар номзодлар кураш олиб боради.

Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихимиздаги энг юқори кўрсаткичдир.

Номзодлар асосан неча ёшда?

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 44,4 ёшни ташкил этиб, улардан 54,9 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 36,4 фоизи 45-60 ёшдагилар бўлиб, вилоят Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 24 ёш. Туман Кенгашларига номзодлар орасида энг ёши 21 ёш.

Қайси соҳа вакиллари кўпроқ?

Номзодларнинг 90,3 фоизи олий маълумотли. Улар орасида педагоглар – 36 фоиз, иқтисодчилар – 15,8 фоиз, муҳандислар – 9,6 фоиз, шифокорлар – 9,4 фоиз, ҳуқуқшунослар – 3,3 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 25,9 фоизни ташкил этади.

Инклюзивлик

Мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам номзодлар орасида бор. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.

Номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратганини кузатиш мумкин. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий Кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар