Ички ишлар вазирлигига 2024 йилнинг 9 ойида Президент Виртуал қабулхонаси орқали 90 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 88,1 фоизи қаноатлантирилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Нилуфар Бегматова маълум қилди.
Мурожаатлар мазмуни қандай?
Ички ишлар органларига келиб тушган мурожаатлар асосан мол-мулк ва пул маблағлари олди-бердиси, ички ишлар органларига бириктирилган 3-сектор ҳудудидаги ижтимоий масалалар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, оила-турмуш масалаларида, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари юзасидан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шахснинг соғлиғи ва шаънига қарши ҳаракатлар билан боғлиқ масалалардаги мурожаатларни ташкил этган.
Шахсий қабулларга 10 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинди
Шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг долзарб муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида, Вазирликнинг фуқаролар қабулхонасида кунлик шахсий қабуллар ўтказиб келинмоқда.
2024 йилнинг 9 ойи давомида Вазирликда ўтказилган шахсий қабуллар жараёнида 10 933 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 5 210 нафар фуқарога малакали ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 5 723 нафар фуқародан келгусида кўриб чиқиш учун мурожаатлар қабул қилинган.
Мурожаатларнинг 2 011 таси ижобий ҳал қилиниб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланган бўлса, 3 210 таси малакали ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал қилинган, 55 таси қонуний асосларга кўра рад этилган ёки кўрмасдан қолдирилган. 447 та мурожаат ҳозирги кунда назоратга олинган ҳолда кўриб чиқилмоқда.