2023 йил мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан болани оилага фарзандликка олиш билан боғлиқ 5 359 та иш кўрилиб, тамомланган. Шундан 5 011 та даъво ариза қаноатлантирилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида айнан шу тоифадаги 2 701 та иш кўрилиб, тамомланган ва 2 543 та даъво ариза қаноатлантирилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов батафсил жавоб берди.
Кимлар бола асраб ололмайди?
Шунингдек, брифингда қандай шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмаслиги ҳам айтиб ўтилди. Жумладан:
– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
– қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
– асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
– фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлса (ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно).
Чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болани фарзандликка олиши мумкинми?
Шунингдек, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш ҳақида ариза берилиши мумкин. Бундай ишни кўриб чиқишда суд нафақат аризачи фуқароси ҳисобланган давлатнинг қонунчилиги, балки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги талабларидан ҳам келиб чиқади.
Айтайлик, Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқароси ҳисобланган болани фарзандликка олмоқчи бўлса, асосий ҳужжатларга қўшимча равишда фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши учун Ўзбекистон Республикаси ваколатли органининг розилиги ҳамда фарзандликка олинаётган бола қонуний вакилининг ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги талаб қилинади.
Судга фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги даъво билан фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, болалар масалалари бўйича комиссиялар, шунингдек ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола мурожаат қилишлари мумкин.