Қозоғистонда янги хавфли инфекция – Марбург вируси тарқалиши туфайли эпидемиологик вазият устидан назорат кучайтирилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Кучайтирилган назорат
Қозоғистон давлат санитария бош врачи Сархат Бейсеновага кўра, касалликнинг республикага кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида халқаро аэропортларда, давлат чегарасида санитария-карантин назорати амалга оширилмоқда, барча келган йўловчиларни контактсиз ҳарорат ўлчаш йўли билан текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Касалликнинг клиник белгилари
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, касалликнинг клиник белгилари вирус юққандан кейин 2-21 кун ичида намоён бўлади. Шунингдек, вазирлик қозоғистонликларга эпидемия тарқалган давлатларга саёҳат қилганда қуйидаги профилактик чораларни кўришни тавсия қилди:
Вирус юқтирган одамлар билан алоқадан қочиш;
Африка ўрмонларида яшовчи ёввойи ҳайвонлардан эҳтиёт бўлиш;
Маҳаллий ҳайвонларнинг гўштини яхши пишмаган ҳолда истеъмол қилмаслик;
Вирус ташувчи ҳисобланувчи Миср кўршапалаклари яшайдиган ғор ва конларга бормаслик;
Касаллик аломатлари пайдо бўлганда дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш;
Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш.
Марбург — хавфли вирус
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марбург вирусига қарши махсус даволаш усули ва вакцина йўқлигини ҳамда фақат симптоматик даволаш олиб борилишини маълум қилган.
“Марбург — хавфли вирус бўлиб, филовируслар турига киради. Табиий ташувчилар кўршапалаклар бўлиб, улар бу касалликни симптомларсиз ўтказади, лекин одамлар учун хавфли. Вирус одамга бевосита алоқа орқали юқади. Зарар кўрган тери ёки шиллиқ қават орқали касаллик юқтирилиши мумкин. Шунингдек, вирус билан касалланган одамнинг тўшак ёки кийими каби нарсалар билан алоқада бўлиш орқали ҳам юқиши мумкин”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, касалликнинг асосий симптомлари иситма, томоқ оғриғи, тошма, қорин оғриғи, бурун ва кўздан қон кетиши.