Россия Қирғизистонда ҳам АЭС қурмоқчи

01.10.2024 18:33

Россия Қирғизистонда ҳам атом электр станциясини қурмоқчи. Бу масалани ўзаро ҳамкорликда ўрганиб чиқиш бўйича шартномалар имзоланган.

“Росатом” корпорациясининг Қирғизистондаги ваколатхонаси бош директори Дмитрий Константинов ушбу мамлакатда кам қувватли атом электр станцияси қуриш масаласи қайси босқичда экани ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Атом станцияси лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қирғиз ҳамкорларимиз масаланинг максимал даражада барча жиҳатларига “шўнғиб”, нюансларни ўрганиб чиқмоқда. Ҳамкорларимиз қанча кўпроқ маълумотга эга бўлишса, шунча яхши”, – дея “Росатом” расмийсининг Бишкекда ўтган брифингдаги сўзларини келтирмоқда “Спутник Қирғизистон”.

Константиновнинг қўшимча қилишича, ўтган йили Қирғизистон делегацияси Воронеж АЭСда бўлиб қайтган.

“Делегация аъзолари бундай энергетика объекти амалиётда қандай ишлаётганини ўз кўзи билан кўришди. Станция ҳудуди бўйлаб хотиржам юриш мумкинлигидан кўпчилик ҳайратланди. У ердаги радиация даражаси бошқа ҳудудлардаги табиий радиация даражасидан пастроқ”, – таъкидлади “Росатом Қирғизистон” раҳбари.

Дмитрий Константинов атом энергетикасини мамлакат тараққиётининг асоси деб атади. Бу масала қирғиз жамоатчилиги орасида кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда. Фаоллар Қирғизистон сейсмик фаол зонада жойлашгани, инфратузилма етишмовчилиги, етарли тажриба ва билимга эга кадрлар йўқлиги, ядровий чиқиндиларни экологияга зарар етказмасдан утилизация қилиш муаммоси борлиги, АЭС террорчилик хуружлари ва диверсиялар учун нишонга айланиши мумкинлиги туфайли хавфсизлик соҳасида жуда қалтис масалага айланиб қолишини таъкидлаб келади.

Ўзбекистонда ҳам АЭС қурилиши бошланиш арафасида

Эслатиб ўтамиз, “Росатом” Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида ҳам кам қувватли АЭС қурилишини бошлаш арафасида турибди. Фориш тумани ҳудудида, Тузкон кўли яқинида барпо этиладиган станция умумий 330 мегаваттлик олтита РИТМ-200Н реактор блокидан иборат бўлади.

10 сентябрь куни лойиҳа доирасидаги ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзоланди.

Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг қиймати ва молиялаштириш манбалари очиқланмаган. Рус нашрлари қурилишни тўлиқ Ўзбекистон ҳукумати молиялаштиришини ёзган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар