“Бизнесни ривожлантириш банкидан чакана хизматлар: қулайлик ва замонавийлик” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирнинг бошида Чакана бизнес моделини ривожлантириш ва даромадлилик кўрсаткичларини ошириш БРБнинг асосий стратегик мақсади эканлиги алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, бугунги кунда банкда 39 та банк хизматлари офиси ҳамда банк хизматлари маркази, 14 та 2-тоифали БХМ, 3 та ипотека маркази, 560 та Банкомат, 264 та 24/7 банкомат шаҳобчалари мавжуд. Аҳолига 49 турдаги чакана маҳсулот ва хизматлар кўрсатилмоқда. Стратегия асосида бу борадаги қўйилган мақсад йўлида кўрилаётган чоралар ҳам жорий йилнинг ўзидаёқ натижа бермоқда. Хусусан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида 1,5 трлн сўм миқдорида кредит маҳсулотлари расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100 млрд сўмга кўпроқни ташкил этмоқда.
Бизнесни ривожлантириш банки томонидан бошқа тижорат банкларида алтернатив вариантлари мавжуд бўлмаган маҳсулот ва хизматларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун яқин кунларда мижозларга Онлайн автокредит, Онлайн таълим кредити ҳамда маҳсулот ва хизматларни агент ташкилотлар орқали сотиш ва сотув ҳажмларини оширишга оид янги хизмат турлари таклиф этила бошлайди.
Шунингдек, айни пайтда банкнинг мобил иловаси фойдаланувчилар сони 340 мингдан ортиқни ташкил этади. Йил бошидан 3,5 млн га яқин транзакциялар орқали 3,1 трлн сўмлик айланмалар амалга оширилди.
Ҳозирги кунда энг оммабоп хизмат бу шубҳасиз онлайн хизматлар ҳисобланади. Банк томонидан ушбу тенденцияларга мос хизмат ва маҳсулотлар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.
“Эндиликда банк мижозлари банкнинг мобил иловаси орқали онлайн тарзда автокредит олиш имконияти яратилди. Яъни автотранспорт сотиб олиш бўйича барча амалиётлар мижоз томонидан мустақил онлайн тарзда бажарилади. Ҳозирча ушбу хизмат фақатгина УзАвто компанияси томонидан сотилаётган автомобиллар учун жорий қилинган. Бошқа автотранспорт воситаларининг расмий сотувчилари ва ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар ўтказилмоқда. Ва онлайн автокредит маҳсулоти бошқа русумдаги автомобиллар учун ҳам жорий этилиши режалаштирилган”, – деди банк Чакана бизнес Бош директори Феруз Хўжаев.
Шунингдек талабалар ва уларнинг яқинлари ҳам эндиликда таълим кредитларини мобил илова орқали расмийлаштириб ушбу хизматдан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Реклама