Бетоб қиз номига халқдан йиғилган пулларни ўзлаштирган шахс қўлга олинди

28.09.2024 16:31

Қорақалпоғистонда яшовчи бетоб қиз номидан аккаунт очиб, халқдан йиғилган пулларни ўзлаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи аёл И.Г. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг қизининг фотосуратини ижтимоий тармоқларга жойлаганини билдирган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи Д.М. содир этгани аниқланган.

Билдирилишича, гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Д.М., аризачи И.Г.нинг бетоб қизи Х.Л.нинг номидан аккаунт очиб, унинг фотосурати ва видео тасвирларини ҳамда ўзининг фойдаланувида бўлган банк карталарини унинг номидан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларга жойлаган ва операция учун халқдан ёрдам пули сўраб, алдаш йўли орқали фуқароларнинг хайрия тариқасида ўтказган пулларини ўзлаштириб келгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Д.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар