Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида жойлашган “Қорасув” чегара божхона пости 15 йиллик танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини қайта тиклади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қирғизистонга ўтиш имконини берадиган “Қорасув” чегара божхона пости 3 гектардан зиёд майдонга эга бўлиб, эндиликда бу ерда кунига 12 минг нафардан зиёд фуқаролар ўтиб-қайтишлари мумкин.
Маълум қилинишича, сўнгги етти йил ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи савдо айланмаси 3 баробарга ошган.
"2017 йилда Қирғизистон билан чегарада жойлашган божхона постларида 2,3 миллион нафар фуқаролар ҳаракатланган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 16 миллион нафарга етди.
Шунингдек, чегарадаги юк автотранспорт ва темирйўл вагонлари сони 7 баробарга ошди. Икки давлат тадбиркорлари билан импорт ва экспорт алоқалари жуда яхши йўлга қўйилган бўлиб, тадбиркорлар сони 2,7 баробарга кўпайган.
Ҳозирда, узоқ йиллик танаффусдан сўнг, "Қорасув" ва "Учқўрғон" чегара постларининг қайта тикланаётгани алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига ижобий рағбат беради",
дейилади хабарда.