Сурхондарёда 9400 туп дарахт нобуд бўлиши мумкин

06.09.2024 14:54

Тармоқларда Денов тумани Чим маҳалласидан бошланиб, Олтинсой тумани Шакарқамиш маҳалласигача бўлган йўлдаги барча дарахтларга қизил рангда махсус белгилар чизиб чиқилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг маълум қилишича, 2024 йилнинг 2 июл куни Автомобиль йўллари қўмитасидан Экология вазирлигига Сурхондарё вилоятида “4R105 “Дарбанд-Бойсун-Элбайон” ва 4R100 “Мангўзор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобиль йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9 405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган хат йўлланган.

Вазирлик бунга жавобан Ўзбекистон Президентининг 2021 йилдаги 46-сон Фармонига мувофиқ давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбахо навларининг кесилишига мораторий амал қилинаётгани ҳамда 2023 йилдаги 81-сон Фармонига кўра экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши белгиланганини эслатган.

Қўшимча қилинишича, юқорида қайд этилган ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан ҳамда уларнинг ҳозирда тиним (вегетация) даврида эканлигидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия қилган.

Шунга қарамай, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ушбу йўналишдаги йўл инфратузилмаси такомиллаштирувга муҳтожлиги қайд этилмоқда. Кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши оқибатида йўл ва кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Автомобиллар сонининг кундан кунга ошиши эса йўлларда тиқилинчларни юзага келтирмоқда. Натижада автомобилларнинг ҳаракатланишида қийинчиликлар юзага келиб, автоҳалокат ҳодисалари кўпаймоқда. Жумладан, 2022-2024 йиллар мобайнида бу ерда 54 та автоҳалокат ҳодисаси содир бўлган, бунинг натижасида эса 19 нафар фуқаро вафот этган, 31 нафар фуқаро турли тан жароҳат олган.

Шу боис айни дамда лойиҳа доирасидаги ҳудудда мавжуд дарахтлар ҳолати, сони, тури, ўлчами ва қийматини аниқлаш бўйича Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, 

— дея қўшимча қилган вазирлик.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар