Қашқадарёда танлов совринларини ҳакамлар ўзаро тақсимлаб олдими?

29.08.2024 15:13

21 август куни Журналистлар уюшмаси  Қашқадарё  вилояти бўлими, Бадиий академия ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими билан биргаликда "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилган.

Мустақилликнинг 33 йиллигига бағишлаб "Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" шиори остида ўтказилган ушбу танловга Қашқадарё вилояти бўйича 200 нафар ижодкор ўзларининг бир йиллик ижодий ишларини топширган.

Қашқадарё вилоятидан келаётган эътирозларга кўра, жорий йилги танловда танловнинг бир нечта Низом ва талаблари бузилгани айтилмоқда.

Жумладан мазкур танловда бевосита номзод сифатида қатнашган Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг муҳаррири Тўлқин Тўрақулов қуйидаги қонунбузилишларини маълум қилган:

Биринчидан ғолибликни ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўзаро бўлишиб олди.

“Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” йўналишида ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев 1-ўринга лойиқ кўрилиб, I-даражали диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланган.

Иккинчидан: Танлов Низомига кўра, сўнгги 3 йил давомида ғолибликни қўлга киритганлар қайта иштирок этмаслиги белгилаб қўйилган бўлсада, 2023 ва 2022 йилларда танловда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олган баъзи ижодкорлар бу йил ҳам қатнашиб I-ва II-даражали диплом билан тақдирланган (Ҳар йилда олинган суратлар мавжуд).

Учинчидан: Айни пайтда Тошкент шаҳрида яшаб ижод қилаётган «Ўзбекистон 24» телерадиоканали катта муҳаррири Шоира Умрзоқова Қашқадарё вилоят босқичида қатнашиб II-даражали диплом ва қимматбаҳо совғани қўлга киритган.

Тўртинчидан: Танловда босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари бўйича ҳар йили ушбу йўналишдаги қатнашчилардан 3 нафари ғолиб сифатида 1-, 2- ва 3-ўринга лойиқ кўрилган. Бу йил эса ушбу тартиб ҳам бузилиб, мазкур йўналишда 6 нафар ғолиб сараланиб, ҳар бир ўринга иккитадан ўринлар ташкил этилган. Бу орқали Галавиддин Юлдошевнинг ташаббуси билан ташкил топганига ҳали 6 ой ҳам бўлмаган “Mahalla 7ligi” газетасида ишлаётган ходимларни рағбатлантиришга қўшимча имконият яратилган.

Яъни “Mahalla 7ligi” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Нилуфар Жўраева ва саҳифаловчи Зебунисо Пўлатова ҳам совриндорлар қаторидан жой олган.

"Энг улуғ, энг азиз" анъанавий кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичининг ғолиб ва совриндорларини аниқлаш мезонларидан норози бўлган Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг муҳаррири Тўлқин Тўрақулов ҳам “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари”  йўналишида 3-ўринга лойиқ деб топилибди. Аммо...

“Мен ўтказилган ушбу танловдан мутлақо норози бўлганим боис диплом ва совғани Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлимига қайтариб бердим. Демоқчи бўлганим, кейинги танловларда холислик ва адолат мезонларига амал қилайлик”, – деди Т.Тўрақулов.

Мазкур масалада иккинчи томонни ҳам эшитиш учун танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Галавиддин Юлдошев билан телефон орқали гаплашдик. 

Г. Юлдошев юқоридаги эътирозлар бўйича қуйидагиларни маълум қилди: 

- Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев олган I-даражали диплом аслида Бўритош Носированики эди. Ғолибнинг ўзи тақдирлаш маросимига кела олмагани боис, Ғулом Абдиев қабул қилиб олган. 

Мурожаатдаги иккинчи масала ҳам худди шундай бўлган. Яъни, кўпчилик ғолиблар тадбирда бевосита иштирок этолмагани боис, ўрнига бошқалар қабул қилиб олишган. Шунингдек, бошқа муносиб ижодкорларнинг ўзи йўқ. 

Учинчи масала: Пойтахтда яшаб ижод қилаётган «Ўзбекистон 24» телерадиоканали ходими Шоира Умрзоқова Қашқадарё вилоят босқичида қатнашиб, II-даражали диплом олгани рост. Қайда ижод қилса ҳам, ижодкор Қашқадарё фарзанди ҳисобланади. Биз буни инкор эта олмаймиз, инкор этишга ҳаққимиз ҳам йўқ. 

Сўнгги масала, “Mahalla 7ligi” газетаси ходими Нилуфар Жўраева совриндорлар қаторидан жой олгани ҳам бор гап. Аммо бу ижодкоримиз ижодий ишларини яқинда ташкил топган “Mahalla 7ligi” газетасидан топширмаган. Н. Жўраева “Қашқадарё” гаетаси ва “Саодат” журналида чоп этилган мақолалари билан танловда қатнашган эди. Мурожаатда номи зикр этилган иккинчи совриндор Зебунисо Пўлатова ҳам тақдирлаш маросимига кела олмаган “Қашқадарё томорқачилари ва фермерлари” газетаси ходими Дилбар Кенжаеванинг дипломини шахсан ўзига етказиб бериш шарти билан омонат сифатида қабул қилиб олган эди. 

Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Галавиддин Юлдошевнинг қўшимча қилишича, мурожаатда айтилган қимматбаҳо совринлар ҳам бўлмаган экан. 

“Мухрланган видео ва суратларга эътибор қилсангиз, ғолибларга оддий мантиқасқон ва шу каби ошхона анжомларини берганмиз. Бу совғаларни ҳам ўзимнинг чўнтагимдан сотиб олганман”, – дея мурожаатга ўз эътирозини билдирди Г.Юлдошев.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар