Ўзбекистонда маймунчечакка қарши тайёргарлик кўрилмоқда

20.08.2024 09:54

Кеча АОКАда "Маймунчечакка қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар" мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов батафсил баёнот берди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига кўра, бутун дунёда маймунчечаги инфекциясининг янги тўлқини юзага келмоқда. Жанубий Африкада бугунги кунда кенг тарқалган янги штамп оқибатида юзага келган тўлқин туфайли соғлиқни сақлашда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Осиё минтақасида эса, ушбу касалликни қайд этиш ҳолатлари рўйхатга олинмаган. Аммо миграция кучайгани ҳисобига касаллик кириб келиш эҳтимоли борлиги юзасидан хулосалар мавжуд, дейилади баёнотда. 

Ўзбекистонда вирусга қарши тайёргарлик қай даражада? 

Ўзбекистонда ҳам ушбу касалликнинг келиб чиқиши, даволаш усуллари юзасидан услубий қўлланма ишлаб чиқилган. Куни кеча вилоятлардаги шифохоналар ва уларда ишловчи лаборатория мутахассислари учун янги кўрсатмалар юборилди, юқумли касалликлар шифохоналарида маълум миқдорда шифо ўринлари яратилди ҳамда лаборатория ходимлари қўшимча ўқув семинарларига жалб этилди. Шунинг билан бирга, ушбу касалликка қарши дори воситаларини ва тест системаларининг қўшимча захираларини яратиш юзасидан музокара ишлари бошланган, – дейди Рустам Икромов. 

Маълумот учун, маймунчечаги вирусли инфекция бўлиб, жуда тез фурсатда асоратларини маълум қилади. Ҳароратнинг юқори кўтарилиши ва ўзига хос тери тошмаларининг юзага келиши инфекциянинг асосий белгилари ҳисобланади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар