Ташқи ишлар вазирлиги ўтказган ўта махфий матбуот анжуманининг тақиқлари

19.07.2024 08:47

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот анжуманида қўйилган қатъий талаблар: 

тасвирчи бориши мумкин – тасвирга олиш мумкин эмас;

журналист бориши мумкин – савол бериш мумкин эмас;

эшитиш мумкин – ёритиш мумкин эмас. 

Жамоатчилик ва Оммавий ахборот воситалари учун бутунлай ёпиқ ҳисобланадиган Ташқи ишлар вазирлиги 12 июль куни матбуот анжумани ўтказишини бир кун олдин эълон қилди

Ушбу вазирликнинг матбуот анжумани ўтказиши журналистлар учун кутилмаган ва албатта, жуда хайратланарли хабар бўлган эди. Аммо ҳали олдинда жуда кулгули ва ажабланарли ҳолатлар кутиб турган экан. 

Тадбир йўналиши матбуот анжумани бўлса-да, эълонда журналистлар телефон орқали боғланиб рўйхатдан ўтиши айтилган. Шу боис Rost24.uz`дан бир нафардан мухбир ва тасвирчи рўйхатдан ўтди. 

Тадбир ўтказиладиган жойга борилганда эса, тасвирга олиш аппаратлари киришда олиб қолинди. Эшик олдида турган қоровулнинг айтишича, ичкарида тасвирга олиш мумкин эмас экан. Аммо рўйхатдан ўтказаётганда тасвирчи ҳам рўйхатга киритилган эди. 

Ичкарида эса, матбуот анжумани бошланишидан олдин телефон ва бошқа ёзиб оладиган аппаратлар ўчирилиши талаб қилинди. Журналистлар бу талабга ҳам рози бўлишди. Аммо яна бир кулгули талаб: савол бериш ҳам қатъий тақиқланган экан. 

Юрагида ўти бор журналистлар унда бу қандай матбуот анжумани бўлди, деган мазмунида берган саволга ТИВ матбуот котиби “Бу матбуот анжумани эмас, журналистлар билан мулоқот”, дея жавоб берди. Бир кун олдин матбуот анжумани дея эълон қилинган тадбир ичкарида “журналистлар билан мулоқот” номига ўзгариб қолди. 

Журналистлар бу талабга ҳам рози бўлишди. Аммо бу мулоқотда айтилган гап-сўзлар ҳам ёритилиши мумкин эмас экан. “Ёритиладиган тақдирда ҳам мен билан келишилган ҳолда ёритишингиз мумкин”, дея қўшимча талаб қўйди ўзини ТИВнинг матбуот котиби дея таништирган шахс. 

Умримизда илк бор бундай “Матбуот анжумани”да иштирок этган биз журналистлар ўзимзини гўёки “массон”лар йиғилишида ўтиргандек ҳис қилидик. 

ТИВ матбуот котиби қўйган талаб бажарилди. Яъни, мазкур тадбир ҳақида ҳеч қаерда ёритилмади. Тадбир ёритилмас экан, унда бу “Матбуот анжумани” номи билан ўтказилган тадбир юқори ташкилотлар учун ҳисоботмиди? 

Ҳисобот экан, унда ТИВ матбуот хизмати ОАВ ходимларининг қимматли вақтини олиб, уларнинг устидан кулишга қандай ҳаққи бор эди?

ТИВнинг олдин “Матбуот анжумани” номи билан аталиб, кейин ўзгартирилган тадбирида Rost24.uz`нинг иштирок этишида ҳам мақсад бор эди:

Ташқи ишлар вазирлигимиз жамоатчилик ва ОАВ учун НЕГА ёпиқ ва ўта махфий ҳисобланади, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги янгилик ва хабарларни нега доим чет эл медиасидан оламиз, ТИВ шу оддий маълумотларни ҳам сир сақласа, вазирлик матбуот хизмати учун нега ойлик-маош ажратади?, мазмунидаги саволларга жавоб олмоқчи эдик. Бироқ, чучварани хом санаган эканмиз, ўзимиз бир дунё қўшимча жавобсиз саволлар билан қайтдик.

* * *

Қўшимча, ТИВ матбуот котиби фақат ўзининг расмий телеграм каналига тадбир ҳақида қисқагина ҳисобот тарзидаги хабарни жойлашга ўзида куч ва журъат топа олди, холос. 

"Бугун Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати ОАВ вакиллари билан Вазирликнинг 2024 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятига бағишланган мулоқот ўтказди.

Учрашувимиз давомида бир қатор мавзуларни қамраб олдик. Бу каби самимий руҳдаги мулоқотларни келгусида ҳам доимий равишда ташкил этамиз", – дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
37
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар