Сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг айтишича, 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ҳамда бунинг оқибатида, Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд экан.
Бу кутилаётган хатар бўйича қандай ўрганишлар олиб борилмоқда ва қандай амалий ишлар бажарилмоқда?
“Соҳани рақамлаштириш ҳамда истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Рахматуллаев қуйидагича жавоб берди:
- Бу бўйича Сенат даражасидаги ишчи гуруҳлар иш олиб бормоқда. Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Гидрометрология маркази, Илмий тадқиқот институтлари, шу жумладан, биз ҳам ушбу гуруҳда иштирок этяпмиз. Лекин, охирги йилларда кўрилаётган метрологик кузатишлар анча яхши. Сув манбаларининг шаклланиши нуқтаи назаридан, ташқи сув захираларига бўлган хавотир бироз камайган бўлиши мумкин. Масаланинг иккинчи томони, биз ер ости сувларига бўлган муносабатни тўғри шакллантишимиз керак. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ташқи таъсир, яъни ишлаб чиқариш таъсири асосида ер ости сувлари истеъмолга яроқсиз ҳолга келиш ҳолатлари ҳам бор. Бу бўйича янгича илмий ёндашувларни жорий қилиш ишлари кетмоқда.