Монополияга асосланган яна бир ҳужжат тайёрланмоқда

30.06.2024 10:55

Ҳайдовчиларга қўшимча мажбурият юклаш учун бу сафар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишга солинган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш тўғрисида”ги (ID-101017) буйруғи лойиҳаси қўйилди.

Жамиятда қонун сифатида кучга кирадиган мазкур буйруқ лойиҳасида яна бир монополиянинг муқаррар шарпаси сезилмоқда.

Буйруқ бошидаги бандлар қуйидагича бошланади:

1. Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳодиса юз берган жойнинг ўзида тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар бирламчи шошилинч ёрдам (биринчи тиббий ёрдам) кўрсатишдан, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойда, даволаш-профилактика муассасасига олиб борилаётганда ва даволаш-профилактика муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.

2. Бирламчи шошилинч ёрдамни воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарлигидан ўтган шахслар томонидан кўрсатилади. Бунда бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш учун транспорт воситасининг салонида туриши шарт бўлган зарур тиббий ашёлардан фойдаланилади.

3. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шахсларга қуйидагилар киради:

- ички ишлар ходимлари;

- ҳарбий хизматчилар;

- миллий гвардия ходимлари;

- фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари;

- автотранспорт ҳайдовчилик гувоҳномалари мавжуд шахслар.

Ушбу буйруқдан кўриниб турибдики, машина ҳайдовчилари учун яна бир қўшимча мажбурият юкланмоқда. Буйруқнинг 3-бандида махсус тайёргарликдан ўтган шахслар рўйхатига кучишлатар тизимлар киритилиб, охирига “автотранспорт ҳайдовчилик гувоҳномалари мавжуд шахслар” сўзи ҳам ими-жимида қўшиб кетилган.

Бу дегани, машина ҳайдайдиган барча Ўзбекистон фуқароси биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиши шарт деган маънони англатади. Яъни, буйруқ кучга кирса, машина ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бирга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтганлигини исботловчи махсус сертификат олиб юришга ҳам мажбур бўлишади.

Махсус сертификат эса шундайлигича ҳайдовчининг қўлига тутқазиб қўйилмайди. У ҳам фалон миллион сўмга бир ёки икки ҳафтага ўқитилиб берилади. Аслида бунда ҳақиқатдан ўқигани ҳам муҳим эмас. Ўқиса-ўқимаса ҳам “ўқиди” деган бир парча қоғоз савдоси авж олади. Йўлларда ГАИ ходими талаб қиладиган қонунийлаштирилган ноқонуний бир парча қоғознинг нархи эса миллионларни ташкил этиши аниқ.

Буйруқнинг кейинги бандларига қараладиган бўлса, ҳайдовчи билиши шарт бўлган тиббий ёрдамлар қаторига Тошкент тиббиёт академиясида ўтиладиган дарсларнинг барча йўналишлари киритилган. Қисқаси, Тиббиёт академиясида 6 йилда ўтиладиган дарсларнинг барчасини 6 кунда ўзлаштирди, деган сертификат “савдоси”га тайёр туришимиз лозим.

Жамоатчилик тасаввури ҳам ушбу монополияга ҳозирдан тайёрлаб борилмоқда. Унда ижтимоий тармоқларда йўллардаги ўлимлар сони баралла янграмоқда. Ҳаттоки, сенаторлар томонидан йўллардаги болалар ўлими бўйича айтилган сўзлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг миқёсда ёйинланди.

Хуллас, машиналардан “соққа” қиладиган монополистимизнинг яна бир монополиясига тайёр туришимиз лозим.

Қайтариб айтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур буйруғи кучга кирса (кучга кириши аниқ), машина ҳайдаш учун яна бир ўлпон тўлашга мажбур бўламиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
106
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар