“Укам ва синглимга қарашим керак. Ҳозир улар ўқиб, катта одам бўлишлари учун мен ҳаракат қилишим зарур. Шу сабабли, “доставка” хизматида ҳам ишлаган эдим" – Курьерликдан ўзи ёқтирган ишини топган қиз билан суҳбат.
Карина Ахмедгараева 19 ёшда. Қаҳрамонимиз бир қанча ишларда ишлаган. Улар орасида курьерлик ҳам бор.
"Оилада 3 фарзандмиз, мен, укам ва синглим. Оиламиз оддий, дадам уста, ойим йўқ. Кўп ишларда ишлаганман, охирида курьер бўлиб ишлашни бошладим. Курьер бўлиб ишлаганимнинг сабаби, ойлиги яхши бўлгани ва вақт кўпроқ, укаларим учун вақт ажрата олар эдим. Уларнинг ўқишига ва тарбиясига вақт ажратиш керак.
Курьер бўлиб ишлашни бошлаганимда, атрофдагилар ғалати қарашган ва жуда хайрон бўлишган. Кўпчилик, сиз курьермисиз, деб ҳатто, ўзимдан сўраб ҳам кетишарди. Ўқисанг бўлмайдими, қиз болага қийин ва бошқа гапларни жуда кўп айтишарди, аммо сабабини тушунтирганимдан кейин улар мени тушунишарди.
Аслида 12 соат ишлаганман ва кечки пайт ҳам чиқардим, чунки пул керак эди.
Ўқишга қизиқишим бор, лекин вақтим бўлмаяпти. Ўқишда барча эътиборингни ўқишга қаратиш керак, шунчаки ўқийдиган бўлсам бунинг фойдаси бўлмайди. Ҳозир укам ва синглим бор. Уларга қарашим керак, улар катта бўлиб, одам бўлиши учун ҳозир ҳаракат қилишим керак. Шу сабабли ўқишни эмас, ишни танладим.
Ота-она ҳар доим фарзандини қўллаб-қувватлаши керак. Менда ҳеч ким бўлмаган, фақат тоғам ишонган. Ўзим кўп инсонлар билан суҳбат қуриб, кузатиб ўрганганман. Агар менда ҳақиқатдан ҳам шароит бўлганида, орқамда ота-онам турганида, мен ўқиган бўлар эдим. Шу сабабли ўзим ҳаракат қиляпман. Агар мен ҳаракат қилмасам, укам ва синглим қолиб кетади, деб ўйлайман. Улар учун ҳаракат қиляпман", - дейди қаҳрамонимиз.
Курьер бўлиб ишлаши Каринага янги соҳа ва янги ҳаётга кириб келишига сабаб бўлган. Ва у ҳақиқий касбини, айнан курьерлик орқали топган.
"Мобилографияни ўрганишимга ҳам аслида курьерлик сабаб бўлган. Кечкурун сумкам билан ишдан қайтаётганимда кимдир видеога олиб instagram'га жойлаган, ва буни ҳатто ўзим 3 кун ўтиб кўрганман. Қўлимда жияним бор эди. Одамлар изоҳларга ҳар хил гап ёзишган. Эри уйдан ҳайдаган, кўчада яшайди, ота-онаси йўқ, шу каби гаплар ёзишган. Видеони кечқурун кўрганман, қариндошлар, дўстлар орасида ҳам муҳокама бўлган. Менга жуда кўп ташлашган, бу сенмисан деб. Ўзимни кўриб жуда ҳайрон қолганман. Кейин изоҳларни ўқиб чиққанман ва улар орасида "Мобилографияни ўргатаман шу қизни топиб беринглар", деб устозим ёзган эканлар. Фейк бўлса керак деб ўйлаганман, бошида. Лекин икки кун ўтиб, устоз билан кўришганмиз ва менга дарс ўтишни бошлаганлар. Жуда қизиқдим бу соҳага. Жуда қўрққанман бошида, лекин ҳозир яхши", – дейди Карина Ахмедгараева.