Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан кеча "КРИПТОВАЛЮТАЛАР САВДОСИ ЖОИЗМИ?" деган мавзуда савол-жавоб жойлаштирилган эди.
Унда Биткоин, Ноткоин каби криптавалюталарни ўзаро айрибошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмаслиги маълум қилинган.
“Чунки ушбу криптовалюталарда шариатимиз томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади”, – дейилган Фатво марказининг хулосасида.
Кечани ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази мазкур баёнот бўйича раддия берди.
Фатво маркази мазкур савол-жавоб лойиҳаси техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қилди.
“Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида экани, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирамиз”, – дейилади ЎзМИ Фатво марказининг раддиясида.