Ўзбекистон 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлиш ниятида – Жамшид Хўжаев

31.05.2024 08:35

Жаҳон савдо ташкилотининг маълум қилишича, 24 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш бўйича тузилган Ишчи гуруҳининг саккизинчи йиғилишида аъзо давлатлар вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. 

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ЖСТга аъзо бўлиш бўйича тузилган идоралараро Комиссия раиси сифатида делегацияга раҳбарлик қилган.

“Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида илдам ҳаракатланмоқда, бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз. Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-Вазирлар конференциясигача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида”, – деган Ж.Хўжаев.

Ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси вакили Юн Сеонг Деок Ўзбекистоннинг музокаралардаги муваффақиятини юқори баҳолаб, аъзолик жараёни янги босқичга кўтарилганини таъкидлаган. 

Делегация таркибида иштирок этган Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов 7-йиғилишдан кейин Ўзбекистонда компанияларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божлари, интеллектуал мулк ҳуқуқлари, техник тўсиқларни ЖСТ қоидаларига мослаштириш бўйича бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини таъкидлаган.

 “Икки томонлама ва кўп томонлама йўналишлар бўйича ҳамкорлик қадамлари сезиларли даражада яхшиланди”, – деган учрашувни баҳолаган Комиссия раиси Юн Сеонг Деок.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва аъзо давлатларга шу пайтгача эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва бозорга чиқиш бўйича келишувлар тузиш топширилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар