«Tаshkent City»даги учта йирик банк биноси сотувга қўйилади

30.05.2024 08:58

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Асакабанк» АЖ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва АТ «Алоқабанк»га тегишли янги кўп қаватли бинолар оммавий савдолар орқали сотилишини эълон қилди.

Мазкур савдо жараёнига халқаро «KPMG» компанияси консультант сифатида жалб қилинган.

Давактив агентлиги мазкур сотув жараёнларини ташкиллаштиришда тижорат банклари (актив эгалари) ва консультант ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

“Савдо жараёнларининг мазкур босқичида, консультант томонидан инвесторларнинг мазкур активларни сотиб олишга бўлган қизиқишлари ўрганилади. Бозордаги ушбу Бизнес марказларини сотиб олишга бўлган қизиқишини ўрганиш, KPMG томонидан Активлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерларни соҳадаги инвесторларга, шу жумладан халқаро инвесторларга юбориш ва улар билан индивидуал мулоқотга кириш орқали амалга оширилиши режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

Сотувга қўйилган ушбу учта бино ҳам «премиум тоифадаги банк офис бинолари» ҳисобланиб, жам 339 миллион долларга баҳоланган. «Ўзсаноатқурилишбанк» объекти 137 миллион доллар, «Асакабанк»ники 102 миллион доллар, «Алоқабанк»ники 100 миллион долларга баҳоланган. Ушбу лойиҳаларга банклар ўз маблағларини киритган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар