Ўзбекистонда зилзилалар бир ҳафтада 60 тагача содир бўлади – сейсмолог

29.05.2024 08:14

Зилзила – табиатда содир бўладиган энг хавфли ҳодисаладан биридир. Зилзила юзага келадиган иқтисодий зарар ва инсонлар ҳалокати бўйича табиий офатлар ичида биринчи ўринни эгаллайди. Rost24.uz сайти Ўзбекистон ҳудудида рўй берадиган зилзилалар, биноларнинг зилзилага қанчалик чидамлилиги ҳақида Сейсмология институтининг Сейсмотектоника-геодинамика лабораторияси мудири Улфат Нурматов билан сухбатлашди.

- Зилзиланинг ўзига яраша даракчилари борми?

- Албатта, ўзига яраша даракчилари бор. Фақат улар ҳар доим ҳам бир хил бўлмайди. Улар ҳар хил геофизик майдонларда, ер ости сувларининг геоз таркибини ўрганишларда намоён бўлади,  лекин жараён жуда мураккаб бўлгани учун, ҳар доим ҳар хил кўринишда бўлади. Умумий томонлари ҳам бор, аммо улар шу пайтда зилзила бўлади, деган хулосани қилишга имкон бермайди.

- Бир йилда нечтагача зилзила содир бўлиши мумкин?

- Бу зилзиланинг кучига қараб бўлади. Агар кучи 2-2.5 ёки 3 баллик зилзилани оладиган бўлсак, булар Ўзбекистонда ҳафтасига 30 та, 40 та, баъзи пайтда эса, 50-60 тага чиқиб  кетади. Кучи ошган сари сони камайиб боради. 4 баллдан катта бўлган зилзилалар бир ҳафтада Марказий Осиё ҳудудида тахминан 5-6 тадан 10-12 тагача содир бўлиши мумкин. 5 баллдан катталари эса анча кам, йилига 2-3 та бўлиши мумкин.

- Тошкентда магнитудаси 6,5 гача етадиган кучли зилзилалар содир бўлиш хавфи бор, деган хабарлар чиқди. Аслида бу қанчалик рост ва содир бўлса, қачон содир бўлади?

- Буни ҳар ким ҳар хил тушунади. Бу хавф эртагами? Индингами? Одамлар буни яқин-орада содир бўлади, деб қабул қилди ва ҳаммада ваҳима уйғотди. Бу зилзила аслида қачон содир бўлади, бир ҳафтадан кейинми, бир ой ёки бир йилдан кейинми, балки 50 ёки 60 йилдан кейинми, бунга жавоб бериш қийин. Тошкент ҳам сейсмик фаол ҳудудга киради, бу ерда ҳам сейсмик фаол зона бор ва тарихдан бу ерларда зилзилалар содир бўлиб келган. Бундан кейин ҳам бўлиш эҳтимоллиги бор. Қачондир бўлиши мумкин. Шунинг учун, бино-иншоотларни энг максимал кучга эган бўлган зилзилага мослаб қуришимиз керак. Биздан талаб қилинадигани шу.

- Тошкентда 1966 йилдаги зилзила такрорланса, бинолар бардош бера оладими?

- Охирги пайтларда йирик-йирик шаҳарларнинг ҳудудлари сейсмик микрореаллаштириш хариталари асосида лойиҳалаштирилмоқда. Агарда шу харитада кўрсатилган максимал баллга мос қилиб қурилса, чидаб бериши керак. Қурилганига 50 ёки 60 йил бўлган бинолар бор. Улар бўйича ўрганишлар олиб бориш керак. Сейсмологик маълумотларга асосланиб иш кўрилса, максимал зилзилага чидаб бериши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар