Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги қатъийлиги тасдиқланди

27.05.2024 15:02

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Россия Президенти қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифларидан бирини айнан Ўзбекистонга амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаган.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиши баробарида қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этгани ҳам қайд этилди.

Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.

Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар