Судья хорижда бўлган фуқарога ИИБ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги учун 15 сутка қамашга ҳукм чиқарган.
Ҳуқуқ фаоли Абдурахмон Ташанов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судининг шу йил 17 май кунги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қарорига эътибор қаратган.
Судья С. Хожамқулованинг қарорига кўра, фуқаро Умид Рустамов шу йилнинг 16 апрелида ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги учун майда безорилик билан 15 суткага қамалган.
Суд қарорида бу ҳодиса Тошкент шаҳар Миробод тумани Саид Барака кўчасида содир бўлган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишда тўпланган материаллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва баённомалар билан тўла ўз исботини топган.
Ачинарли ва кулгили томони шуки, ИИБ ходимларининг талабига бўйсунмаган Умид Рустамов айни ўша куни аниқроғи, 20 мартдан 25 апрелгача оиласи билан Россияда бўлган. Яъни, судья фуқарони безорилик содир этганликда айблаган кунларда у мамлакатимиздан 5 минг чақирим узоқда эканини исботловчи ҳужжатлар ҳам тақдим қилинган. Аммо булар инобатга олинмаган. Яна ҳам ачинарли жиҳати, бу қарорни апелляция суди ҳам кучда қолдирган. А. Ташановнинг айтишича, айбсиз айбдор ҳаттоки, адвокати билан ҳам учраштирилмаётган экан.
“Аслида эса, “Аёл такси” деб номланган ширкат ходимлари устидан бошланган ов бу. Ички ишлар органларида ширкат ходимлари фаолиятига оид қандайдир тезкор маълумотлар бор, тезкор маълумотларни текшириб, ходимларни гумондорга айлантириш учун вақт керак. Бир амаллаб 15 суткага тиқиб олишса, қолганини давом эттириш мумкин. “Бўйсунмади” деган навбатчи айблов билан маъмурий иш судга олиб чиқилади, суд қамоқни қонунлаштириб беради, тамом.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бу каби амалиёти янгилик эмас. Ҳозирги кунда, ҳатто бу қонунбузарлик ҳам бўлмай қолди, аммо судлар ишни “қонунлаштираётганида” ҳужжатларни бир текшириб қўйишса, олаётган маошлари ҳалол бўлармиди?”, – дея сўзининг охирида риторик савол қолдирган А.Ташанов.