“Умра” сафарини лицензиясиз ташкиллаштирганлар 68 млн сўм жарима тўлайди

18.05.2024 17:44

Сўнгги йилларда туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар “Умра” сафари бўйича рекламаларда берилаётган ваъдаларини бажармаётгани, меҳмонхона ва самолёт рейсларидаги муаммолар юзага келмоқда.

Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилиши ҳамда ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи белгиланди.

Мазкур Қонун билан амалга оширилиши учун рухсат ва тегишли ҳужжатларни талаб этадиган фаолият турлари қаторига Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга оширганлик учун ҳам рухсатнома олиш қўшимча сифатида киритилмоқда.

Шунингдек, “Умра” тадбирларини лицензиясиз амалга оширган ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган шахслар БҲМнинг 200 бараварида жарима тўлайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар