Миграция агентлиги Россия ва Туркия бўйича огоҳлантирмоқда

27.03.2024 14:19

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларига ва Туркияга бораётганларга огоҳлантириш сифатида тавсиялар бермоқда.

Агентлик Россиядаги юртдошларимиздан хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраб, бир қанча тавсияларни берган.

Шахсни тасдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларига сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик тавсия қилинади”, – дейилади агентлик хабарида.

Миграция агентлигининг хабарига кўра, бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ҳам ички ишлар органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда.

Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилаётган экан.

Гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар “Туркияга кириши исталмаган йўловчи” сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмоқда”, – дейилади агентликнинг Туркия бўйича берган огоҳлантиришида.

Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб, киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар