Элтиб бериш (доставка) хизмати оммалашаётгани кимларнингдир “иштаҳасини очиб юборди”

21.03.2024 15:52

Энди мопед ва скутерлар учун ҳам алоҳида давлат рақами белгилари жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мопед ва скутерларга эгалик қилиш учун салкам 1 миллион қўшимча тўлов қилиш белгиланмоқда (Техник кўрикдан ташқари. Техник кўрикнинг энг арзони 1,7 миллион сўм).

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишда бўлган мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори лойиҳаси қўйилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишда фуқароларга қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида, важи билан қабул қилинаётган қарор лойиҳасига кўра, 1 июлдан бошлаб мопед ва скутерлар учун ҳам давлат рақами белгилари жорий қилинади.

Қарорда “Мопед ёки скутерларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш учун ундириладиган тўловлар Ички ишлар вазирининг 2011 йил 23 ноябрдаги 174-сонли (рўйхат рақами 2303) буйруғида мототранспорт воситалари учун белгиланган суммада амалга оширилади”, дейилган.

Мазкур буйруқ бўйича эса рўйхатдан ўтказиш, давлат рақами ва гувоҳномаларни бериш нархлари қуйидагича белгилаб берилган:

- Мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга (ярим тиркамалар) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бериш БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида – 595 минг сўм;

-   Рўйхатдан ўтказиш БҲМнинг 10 фоизи – 34 минг сўм;

- Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун БҲМнинг 70 фоизи – 238 минг сўм;

-  Сотиш учун бир дона маълумотнома бериш БҲМнинг 10 фоизи – 34 минг сўм.

Битта скутер ёки мопедга эгалик қилиш учун энда жами 901 минг сўм тўлов қилиш лозим бўлади.

Қарорда техник кўрик ҳам айтилган. Мажбурий техник кўрикнинг энг арзон нархи БҲМнинг 5 баробари этиб белгиланган. Яъни 1,7 миллион сўм.

Мазкур вақтинчалик низом жорий йил 31 декабргача амал қилиши ва 2025 йил 1 январдан бошлаб рўйхатга олинмаган бу турдаги транспорт воситаларидан фойдаланиш амалдаги қонунчилик талаблари асосида тақиқланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини олиш учун қуйидаги соддалаштирилган тартиб белгиланмоқда:

  • Мопед ёки скутерларнинг техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрлар талабларига мос келиши керак.
  • Мопед ёки скутерлар эгалари томонидан рўйхатлаш бўлинмаларига олиб келинади ва улар соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
  • Мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мопед ёки скутер эгаси ёки унинг вакили рўйхатлаш бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
  • мопед ёки скутер эгаси ёки унинг вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
  • мопед ёки скутер эгаси ёки унинг вакилининг белгиланган намунадаги аризаси;
  • мопед ёки скутернинг техник тавсифлари акс эттирилган савдо ташкилотлари (ишлаб чиқарувчи, унинг вакили ёки воситачи (дистрибьюторлик, дилерлик) ташкилотлар) томонидан берилган ҳужжат (русуми, идентификацияловчи рама ва двигателлар рақамлари, двигателининг қуввати, тўлиқ вазн ва бошқалар акс эттирилган ҳужжат);
  • мопед ёки скутерга бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат ёки харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса);
  • мопед ёки скутерни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш учун тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати (электрон тўлов тизимлар орқали тўлов амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно).
  • Агар мопед ёки скутер учун хатбошиларидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, ҳақиқатдан ҳам ушбу мопед ёки скутер шу шахсга тегишли эканлиги тўғрисида, ўзи яшаб турган маҳалладан маълумотнома тақдим этилади.
  • Шунингдек, эгаси ушбу мопед ёки скутерни қаердан қачон олганлиги тўғрисида эркин шаклдаги тушунтириш хати ёзиб беради.
  • Рўйхатлаш бўлинмалари томонидан мопед ёки скутерларнинг русуми, идентификацияловчи рама ва двигателлар рақамларининг (кейинги ўринларда – техник кўрсаткичлари) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга тўғри келиши предмети юзасидан техник кўрикдан ўтказилади.
@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар