Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Узоқ-яқиндан ташриф буюрган ҳурматли меҳмонлар!
Сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқини барчамиз соғиниб кутган Наврўзи олам билан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман.
Бугун фасллар алмашиб, еру кўкда илоҳий мўъжизалар юз бермоқда. Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси бошланмоқда. Табиат уйғониши билан зимистон кечалардан зериккан кўнгиллар яшариб-яйрамоқда.
Албатта, бугунги шодиёна байрамни эл-юртимиз билан муаззам “Янги Ўзбекистон боғи”да ўтказишни ният қилган эдик. Лекин ҳаммамиз кўриб турибмиз – сўнгги кунларда ҳаво совиб, ҳарорат бироз пасайиб қолди. Бугун оби раҳмат ёмғирлари билан осмондан ризқу рўз, қут-барака ёғмоқда. Ҳаммамиз бу ҳолатни шукроналик билан қабул қиламиз.
Мана шу муҳташам саройда туриб, барча-барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Хуш келибсан юртимизга, гўзал Наврўз!
Олам сен билан нурга тўлсин!
Шарқона Янги йил ҳаммамизга муборак бўлсин!
Қадрли дўстлар!
Мана шу қувончли кунларда она заминимиз, жонажон Ўзбекистонимиз бамисоли улкан ва муҳташам бир сайилгоҳга айланмоқда. Фарғона водийсию Сурхон ва Қашқадарё тоғларида, Хоразм ва Қорақалпоқ диёрида, Самарқанду Бухоро, Навоийнинг гўзал боғларида, Жиззаху Сирдарё кенгликларида, Тошкент воҳасининг ям-яшил адирларида, азим пойтахтимиз майдонларида эл-юртимиз сайил-томошалар ўтказиб, Наврўзни шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.
Наврўзи олам фалсафаси бизнинг орзу-интилишларимиз, амалий ишларимиз билан узвий боғланиб кетганини бугун ҳар қадамда яққол кўриш мумкин. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу ғоя атрофида бирлашган халқимизнинг олийжаноб меҳнати билан мамлакатимизда янги-янги замонавий корхоналар, шинам уй-жойлар, ижтимоий ва маданий объектлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. Юртимиз қиёфаси кундан-кунга обод ва гўзал бўлиб бормоқда.
Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Мамлакатимиздаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити, яхши қўшничилик, тинчликсевар ташқи сиёсат туфайли халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътибори юксалмоқда.
Наврўзи оламнинг инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик каби қадриятларига уйғун ва ҳамоҳанг бундай ишларимизни биз келгусида янада кенгайтирамиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Наврўзи олам бизни бутун борлиқни, авваламбор, ер ва сув, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, соф ҳавони асраб-авайлаб, она табиатга меҳрибон фарзанд бўлиб яшашга даъват этади.
Ана шундай эзгу чорловга жавобан бугунги кунда юртимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда, Наврўз ҳашарлари ўтказилмоқда. Жумладан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида миллионлаб мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда, янги боғу роғлар барпо этилмоқда.
Қадимий қўшиқларимизда Наврўз хазиналар очиладиган барака айёми, деб тараннум этилади.
Мана, бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз, боғбон ва чорвадорларимиз янги меҳнат мавсумини бошламоқда.
Илоҳим, бободеҳқонларимизнинг омадини, бахтини берсин!
Дарёларимиз сувга тўлиб, ҳосилимиз мўл бўлсин!
Азиз дўстлар!
Ёшлик – инсон умрининг баҳори, унинг Наврўз байрамидир. Ёшлик – одамзод камолот осмонида юлдуздек чарақлайдиган бебаҳо даврдир.
Янги Ўзбекистон фарзандлари – юзлаб, минглаб ўғил-қизларимиз турли соҳалардаги ютуқлари билан бу фикрни амалда исботламоқдалар. Уларнинг куч-ғайрати, эзгу ҳаракатларига қанот бериш мақсадида биз жорий йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилдик.
Чунки доимо изланиш, ташаббус ва янгиликка, ўзлигини намоён этишга интилиш ёшлик ва тадбиркорликка хос фазилатлар ҳисобланади.
Бу ҳақда гапирганда, бир фикрга алоҳида урғу беришни истардим. Тадбиркорлик, ишбилармонлик азал-азалдан халқимизнинг қонида, онгу тафаккурида яшаб келмоқда. Эл-юртимиз қадим замонлардаёқ қўли гул уста ва ҳунармандлари, миришкор деҳқонлари, етти иқлимни кезган савдогарлари, ноёб маҳсулотлари ва ноз-неъматлари билан бутун дунёга донг таратган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда янги тадбиркорлар авлоди ана шу анъанани муносиб давом эттириб, дадил майдонга чиқмоқда. Энг муҳими, бизнес соҳаси нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимизда ҳам ҳал қилувчи кучга айланмоқда.
Биз ишбилармонлик муҳити ривожи учун янада кенг имкониятлар яратиб берамиз. Жорий йилда қабул қилинган давлат дастуридаги мақсадларга 36,5 триллион сўм ва 460 миллион доллар маблағ йўналтириш белгилангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Оилавий тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари доирасида 50 мингдан зиёд юртдошларимизга Бизнесни ривожлантириш банки орқали зарур молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилади. Жумладан, уларга гаров талабисиз 100 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. Бундан ташқари, ўрта бизнес вакилларига 1,5 миллиард сўмгача бўлган имтиёзли кредитлар 7 йил муддатга берилади. Умуман, жорий йилда барча турдаги тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 миллионга яқин аҳолига молиявий кўмак кўрсатилади.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонни тадбиркорлик ва бизнес учун энг қулай ва жозибадор мамлакатлардан бирига айлантириш йўлида янги амалий қадам қўямиз.
Бугунги кунда юртимиз ёшлари халқаро фан олимпиадаларида, маданият ва санъат, IT ва спорт йўналишларидаги нуфузли танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлиб келаётганлари барчамизни қувонтиради.
Биргина мисол. Навқирон спортчиларимиз ўтган йили Осиё ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг ушбу мусобақалардаги рекордини янгиладилар.
Хабарингиз бор, яқинда машҳур шахмат гроссмейстери – Нодирбек Абдусатторов Прага халқаро турнирида муддатидан олдин ғалаба қозониб, жаҳондаги энг кучли тўртта шахматчининг бирига айланди.
Келинглар, шу улуғ айём кунда барчамиз астойдил ният қилайлик: Нодирбекка тез кунларда Ватанимизга жаҳон шахмат тожини олиб келиш насиб этсин! Сен бунга албатта қодирсан, Нодирбек ўғлим! Бутун эл-юртимиз сендан шу буюк ғалабани кутмоқда.
Энг қувонарлиси, бундай юксак марраларни забт этишда қизларимиз ҳам ўғлонларимиздан қолишмаяпти. Хусусан, истеъдодли қизимиз Зайнаб Дайибекова қиличбозлик бўйича Перуда бўлиб ўтган жаҳон кубоги ўйинларида Ўзбекистон спорти тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритди.
Яна бир маҳоратли қизимиз Шаҳина Йигиталиева эса Параосиё ўйинларида найза отиш бўйича олтин медалга сазовор бўлиб, мазкур мусобақалар рекордини янгилади.
Азиз спортчи фарзандларим, сизларни олдинда ғоят муҳим ва улкан синов – Париж Олимпиадаси ва Паралимпия ўйинлари кутмоқда. Жаҳоннинг энг зўр спортчилари беллашадиган ана шу мусобақаларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, юртимизга қўша-қўша медаллар, ютуқ ва совринлар олиб келасиз, деб ишонаман.
Барчангизга ғалаба ёр бўлсин!
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Наврўзнинг ўлмас руҳи айниқса маҳаллаларимиз ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.
Барчангиз гувоҳсиз, кейинги икки-уч ойда бу соҳада қандай катта ўзгаришлар юз берди! Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Ҳамма соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳалла еттилиги” тизими самарали фаолият олиб бормоқда.
Албатта, бу тизимни ташкил этганимиз, шу борадаги тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз замирида катта ҳаётий маъно бор.
Ана шу ишларимизни кучайтириш мақсадида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида янги тажриба жорий этилмоқда.
Бу борада айниқса томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, томорқа эгаларини зарур восита ва ресурслар билан таъминлаш, улар етиштирган маҳсулотга бозор топиб бериш учун кўмаклашиш, ҳар қайси оила ва маҳаллада кичик-кичик ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, сервис ва хизмат турларини кўпайтириш асосий мақсадимизга айланмоқда.
Ўзингиз тасаввур қилинг, ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича беш ярим миллионта хонадонда 510 минг гектар – эътибор беринг – 510 минг гектар томорқа ерлари бор. Бу – ҳали тўла ишга солинмаган улкан имконият, катта бойликдир.
Барчамизга аёнки, Ўзбекистон шароитида ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, астойдил меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.
Мана, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга туширишга эришдик. Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Шу даврда 900 мингга яқин аҳолига қарийб 20 триллион сўм имтиёзли кредит, 200 мингдан зиёд фуқароларга 1,5 триллион сўм субсидия, қарийб 700 минг оилага эса деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратиб берилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Энг асосийси, тадбиркорлик, жумладан, томорқадаги меҳнат, одамни, айниқса, ёшларни жисмоний ва маънавий тарбиялайди, уларни ўз кучи ва имкониятига ишониб яшашга ўргатади.
Таъкидлаб айтмоқчиман: давлатимиз бундай фаол инсонларни доимо қўллаб-қувватлайди.
Масалан, хонадонлардаги томорқада етиштириладиган маҳсулотларни сотиб олувчи, қайта ишловчи, шу маҳсулотларни экспорт қилувчи тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади. Бундан ташқари, бўш ерларда саноатбоп дарахтлар ўстириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Бу чора-тадбирларни амалга ошириш учун мамлакатимиз иқтисодиёт комплексининг барча раҳбар ва ходимлари маҳалла даражасига тушиб, ишни ташкил этишга масъул ва жавобгар бўлади.
Рўзаи рамазон кунларида яхши ният билан Сайхунободда бошланган тажриба бутун юртимиз бўйлаб кенг тарқалади, деб ишонаман.
Албатта, бу осон иш эмас. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган халқимиз, тоғни урса талқон қиладиган азамат ёшларимиз билан барчамиз биргаликда бу вазифани амалга оширишга қодирмиз.
Табиийки, бу борада фуқаролик жамиятининг ноёб намунаси бўлган маҳалла етакчи ўрин тутади.
Шу боис маҳаллани қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Чунки, маҳалла – бу меҳр ва аҳиллик қўрғонидир. Маҳалла – оқкўнгил, бунёдкор халқимиз қалбининг кўзгусидир.
Фурсатдан фойдаланиб, 22 март куни мамлакатимизда нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан барча юртдошларимизни, жонкуяр ва фидойи маҳалла фаолларини чин юракдан табриклаб, уларнинг ишларига муваффақият тилаймиз.
Қадрли дўстлар!
Дунёдаги вазият тобора мураккаб ва таҳликали тус олаётган ҳозирги кунда Наврўз Ер юзида турли халқлар ва миллатлар ўртасида тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бугунги даврамизда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус намояндаларини кўриб турганимдан ғоят мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларини 21 март – Халқаро Наврўз куни билан муборакбод этиб, барчаларига қизғин салом ва табрикларимизни йўллаймиз.
Бу йилги Наврўз байрами фазилатли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг файзу тароватини янада зиёда қилмоқда.
Ушбу муборак айёмда мамлакатимиз мўмин-мусулмонларини, бутун ислом умматини яна бир бор қутлаб, уларнинг чин дилдан қилаётган дуолари ижобат бўлишини Парвардигори оламдан сўраймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Мана шу баҳорий лаҳзаларда барчамиз улуғ аждодларимизнинг тилакларига қўшилиб, илоҳим, ҳар кунимиз Наврўздек гўзал, Наврўздек файзли ва мазмунли бўлсин, деб ният қиламиз.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқ ва зафарлар, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!