Яна Агробанк: банк ходимлари мижозларнинг пулларини талон-тарож қилган

19.03.2024 16:33

"Агробанк" Фарғона филиали мансабдорлари салкам 4 миллиард сўм маблағни шахсий манфаатлари учун ўзлаштирган. 

"Агробанк" Фарғона филиали собиқ мансабдорларига ўқилган суд ҳукмига кўра, “Agrobank” АТБ Фарғона филиали бошқарувчиси, филиал Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими бош бухгалтери, филиал бошқарувчиси ўринбосари - Фронт офис бошлиғи ва филиал кассири олдиндан тил бириктириб, мижозларнинг пулларини талон-тарож қилган.

Жумладан, омонатчининг хабарисиз унинг 600 млн сўм маблағини бошқа мақсадларда чиқим қилишиб, омонатчининг ойлик фоизини ўзларининг пулларидан банк орқали ойма-ой ўтказиб туришган. 

Шунингдек, улар кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштирган ҳолда “Fergana-Oseana” МЧЖ хорижий корхонасининг ҳисоб-рақамидан 1 млрд 582 млн сўм нақд пулларни чиқим қилиб, талон-тарож қилггани аниқланибди. 

Банк мижозлари томонидан 2023 йил июнь ойига қадар ҳисоб-рақамларига кирим қилиш учун топширилган нақд пулларни ҳужжатларда кирим қилиб, аммо уни пул омборига йўналтирмасдан, жами 482,9 млн сўмни ўзлаштиришган.

Бундан ташқари, банкнинг собиқ мансабдор шахслари томонидан кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштириш йўли билан 1,8 млрд сўмни ўзлаштириб юборилганлиги ҳам фош этилган. 

"Агробанк" Фарғона филиали бошқарувчи ўринбосари ҳимоячиси шикоятида, ҳаракатида ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятлари таркиби йўқлиги сабабли, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. 

Лекин келтирилган далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосан, судлов ҳайъати собиқ мансабдорга оид суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар