Ички ишлар ходимлари собиқ “мелиса”нинг вахшийларча қилган жиноятини яширмоқчи бўлишган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятининг раиси Абдураҳмон Ташановнинг хабар беришича, ушбу тасвир кеча Самарқанднинг Боғишамол даҳасидаги Озод Шарқ кўчасида олинган экан.
Болани Дамас машинасига занжирланган ҳолатда кўрган атрофдагилар 102 га қўнгироқ қилишган. Воқеа жойига етиб келган Ички ишлар ходимлари зўравон шахснинг собиқ ходим эканини билгач, гувоҳларга зўравонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдиришган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи собиқ ходими томонидан банди қилинган болакай ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ 4-бўлимида, тақдирини билмаймиз. Aммо болани банди қилган, уни қийнаган одам уйида бемалол ўтирибди.
Тахминимизча, Aллоҳнинг бу мурғак яратиғи эртанги расмий хабарларда "худо урган" бўлиб чиқади. Aстағфируллоҳ...”, – дея изоҳ қолдирган А.Ташанов.
Банди қилинган бола бўйича муносабат билдриган Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам тергов ҳаракатлари ички ишлар органларига топширилганини маълум қилган.
“Самарқандда болага нисбатан зўровонлик қилинганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни назоратга олинган”, – дейилади Бош прокуратура муносабатида.