МИБ рейтинги: Агробанк Ўзбекистондаги энг катта қарздор банк

16.03.2024 12:05

Ҳисобот бўйича 2023 йилда 750,9 миллиард сўм соф фойда қилган “Агробанк” АТБ айни кунда жисмоний ва юридик шахслардан 14,3 миллиард сўм қарздор.

2019 йилдан буён Рустам Маматқулов бошқариб келаётган Агробанк 14,3 миллиард сўм қарздорлигини ўзи ҳам тан олди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросинниг расмий www.mib.uz сайтидаги шаффоф маълумотларга кўра, қарздорлиги мавжуд бўлган давлат улушига эга тижорат банклари ТОП-8 талигини кўриш мумкин.

МИБ рейтингига кўра, ушбу 8 та банкнинг жами 21,5 миллиард сўмлик қарзи бўлиб, унинг ярмидан кўпи «Агробанк» АТБ ҳиссасига тўғри келади. Агробанкнинг қарзи 14,3 млрд сўм бўлса, қолган жами 7 та банкнинг қарзи 7,2 млрд сўмни ташкил этмоқда.

1. «Агробанк» АТБ — 14 млрд 321 млн 911 минг 017 сўм;

2. Халқ банки — 5 млрд 739 млн 199 минг 370 сўм;

3. АТБ «Бизнесни ривожлантириш банки» — 1 млрд 837 млн 133 минг 948 сўм;

4. «Асакабанк» АЖ — 409 млн 119 минг 143 сўм;

5. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ — 22 млн 413 минг 802 сўм;

8. «Микрокредитбанк» АТБ — 10 млн 426 минг 995 сўм;

7. «Туронбанк» АТБ — 4 млн 771 минг 791 сўм;

8. Ўзмиллийбанк — 405 238 сўм.

Ҳисоботларга кўра, мазкур банкларнинг барчаси 2023 йилда катта миқдорда соф фойда билан чиқишган. 

1. «Агробанк» АТБ — 750,9 млрд сўм;

2. Халқ банки — 248,5 млрд сўм;

3. АТБ «Бизнесни ривожлантириш банки» — 236 млрд сўм;

4. «Асакабанк» АЖ — 150,6 млрд сўм;

5. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ — 911,7 млрд сўм;

8. «Микрокредитбанк» АТБ — 41,1 млрд сўм;

7. «Туронбанк» АТБ — 57,9 млрд сўм;

8. Ўзмиллийбанк — 1716,5 млрд сўм.

Давлат улуши мавжуд бўлган мазкур тижорат банклари йилига миллиардлаб, триллионлаб фойда кўришига қарамасдан  жисмоний ва юридик шахслардан қарзини узмай келмоқда.

Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, мазкур қарздорликларни ундириш тўғрисида суд қарорларига асосан ижро ҳаракатлари бошланган бўлса-да, банклар томонидан қарздорликни бартараф этиш муддатлари ўтиб кетган.

Қарздор банклар бўйича хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг “Агробанк” АТБ Расмий муносабат билдирди.

“МИБ сайтида “Агробанк” АТБ бўйича акс эттирилган 14,3 млрд. сўм жорий ва суд жараёнидаги қарздорликлар бўлиб, ҳозирги вақтда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий жараёнлар амалга оширилмоқда.

Келтирилган юқоридаги қарздорликнинг қарийб 13 млрд. сўмга оид қисми бугунги кунда Тошкент шаҳар иқтисодий судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.

Мазкур ишлар якуний ҳолатига кўра қонунчиликда белгиланган тартибларга асосан қарздорлик тўланиши ёки ижро ҳужжатларини бекор қилинишини маълум қиламиз”, – дейилади “Агробанк” Матбуот хизмати томонидан билдирилган расмий муносабатда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар